ЎзА Ўзбек

31.07.2018 15:51 Чоп этиш версияси

Фарғоналик тадбиркорларнинг даромадлари 7,7 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда

Фарғоналик тадбиркорларнинг даромадлари 7,7 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда
Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган кўргазмали семинар ва матбуот анжуманида шундай дейилди: 

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги аҳамиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда тадбиркорлар фаол иштирок этди.

Семинарда солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимиз солиқ сиёсатида янги саҳифа очганлиги, хусусан, солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилгани, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Маърузачилар томонидан 2019 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилиши, бинобарин, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этилиши, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига йўналтирилиши, бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниши яна бир бор қайд этилди.

Концепцияга асосан Фарғона вилоятида фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахслар ҳаётида бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлиши ҳақида маълумот берилди. 

Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушуми(обороти)дан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиши натижасида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ихтиёрида қоладиган фойда 115,7 миллиард сўмни ташкил этади. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси пасайтирилиши натижасида юридик шахсларининг соф фойдаси 4 миллиард сўмга ошади, суғурта бадалининг бекор қилиниши натижасида эса вилоят фуқароларининг ихтиёрида 371,6 миллиард сўм маблағ қолар экан. Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан кам бўлган умумий овқатланиш корхонаси мисолида қарайдиган бўлсак, солиқ юки 11 фоиздан 6,2 фоизгача тушиши мумкин. Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси пасайтирилмоқда, натижада тадбиркорларнинг реал даромадлари вилоят бўйича 7,7 миллиард сўмга ошиши кутилмоқда.

Тадбирда хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакилларининг саволларига мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоб берилди.

М.Сулаймонов, ЎзА
4 254