ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонадаги сой ва каналларга балиқлар қаердан келиб қолди?

Фарғонадаги сой ва каналларга балиқлар қаердан келиб қолди?
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги сув омборидан балиқлар чиқиб кетиб, аҳолининг уларни овлаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ахборот хизмати билан боғланиб, масалага ойдинлик киритдик.

Фарғона вилоятида 3 та сув омбори мавжуд бўлиб, мазкур сув омборларида тадбиркорларга балиқчилик билан шуғулланишлари учун қонун доирасида имкониятлар яратилган. 2020 йил 26 май куни Ёзёвон туманидаги балиқчилик билан шуғулланаётган тадбиркорнинг балиқ сақлаш кўлидаги сувни ташқарига чиқиш қисмида ҳимоя тўри техноген омиллар таъсирида очилиб кетган. Натижада балиқларнинг бир қисми сим тўрлар эскирганлиги сабабли йиртилиб, сув омбори атрофидаги сой ва каналларга оқиб чиққан.

Мазкур ҳолат бўйича бошқарманинг экоинспекцияси ва Ёзёвон туман инспекторлари томонидан тезкор рейдлар ташкил қилиниб, туну кун назорат қилинмоқда. 27-28 май кунлари Ёзёвон сув омборидан чиққан балиқларни фуқаролар томонидан ноқонуний равишда ов қилаётган 9 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 12 миллион 320 минг сўм миқдорида жарима ва 10 миллион 813 минг сўм ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисобланган.

Бундан ташқари 300 метрдан ортиқ тўрлар олиниб белгиланган тартибда йўқ қилинди. Рейд тадбирлари давом этмоқда.



14 942
М. Сулаймонов, ЎзА