ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонадаги бозорларда ҳолат қандай?

Фарғонадаги бозорларда ҳолат қандай?
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва сектор раҳбарлари шаҳар ва туманларда бўлиб, бозорлардаги таъминот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх навосини назорат қилиб бормоқда.

Короновирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида ташкил этилган карантин даврида аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун барча тадбирлар кўриляпти. Нарх-навонинг асоссиз ошиб кетиш ҳолатларининг олди олинмоқда. Бугунги кунда ҳудудларда барча маҳсулотларнинг захираси яратилган.

фар.jpg

Вилоят ҳокими Фарғона ва Марғилон шаҳридаги деҳқон бозорларидаги жараён билан танишди. 

Ҳокимликлар ва бозорлар маъмурияти карантин даврида ёлғиз кексалар ва бошқаларнинг эҳтиёжи учун керакли маҳсулотларни буюртма асосида уйларига етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди. 

Бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи айрим расталарнинг бўшлиги, тизимли ишлар ташкил қилинмагани қаттиқ эътирозга сабаб бўлди. Шаҳар ҳокимлари ва мутасаддиларга бир кун муддатда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш вазифаси топширилди. Хусусан, Марғилон шаҳридаги сепермаркетда картошка маҳсулоти йўқ, гўштнинг нархи эса анча қиммат сотиляпти. 

Шу билан биргаликда синовли кунларда саховатли инсонлар томонидан хайрли ишлар олиб борилаётгани таҳсинга лойиқ. Латвиянинг ISMA университетининг Фарғона филиали талабаси Шерзодбек Ғаниев хонадонида боқаётган 20 боши бўрдоқи қўйни сўйдириб, бозорда арзон нархда сотишни йўлга қўйди. 


1 449
М. Сулаймонов, ЎзА