ЎзА Ўзбек

21.12.2017 20:01 Чоп этиш версияси

Фарғонада “Йилнинг энг яхши китобхони” форуми бўлиб ўтди

Фарғонада “Йилнинг энг яхши китобхони” форуми бўлиб ўтди Вилоят ҳокимлиги, Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир-ёзувчилар, олимлар, талаба-ёшлар, ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда изчил ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккурини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

4.JPG

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Китобхонликни ривожлантириш, ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмасини юксалтириш, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиб, тенгдошларига намуна бўлаётган китобхонларни рағбатлантириш мақсадида “Йилнинг энг яхши китобхони” форуми ташкил этилди.

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган форумда “Кутубхонанинг китобсевари”, “Матбуот нашрлари ишқибози”, “Янги авлод китобхони”, “Энг фаол ва ташаббускор китобхон”, “Энг кичик китобхон” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, ҳамкор ташкилотлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

5.JPG

– Юксак интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашнинг энг оддий усули – китоб ўқишни ўргатиш ва бу энг қизиқарли машғулот эканини тушунтириб бериш, – дейди Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов. – Энг муҳими, уларга ёқадиган китоблар топиш ва уларни ўқишга имконият яратиб беришдир. Шу маънода, бугун ёшларимиз кенг фойдаланаётган ижтимоий тармоқлар орқали уларни кутубхонага жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Фейсбук, инстаграм, телеграмм тармоқларида ҳар куни биттадан янги китоб ёшларга ўқиш учун тавсия этилмоқда. “Мен ўқишни севаман”, “Кутубхона менинг ҳаётимда” акциялари, “Эркин камера” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ёшларни кутубхонага кенг жалб этишга ёрдам бераётир. Бугунги кунда марказимизнинг 30 мингга яқин аъзоси бор ва улар бу ердаги имкониятлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Йил давомида 8 минг 355 китобхон рўйхатга олинди. Бу ўтган йилга нисбатан 2 минг 500 га кўп демакдир. Аъзоларимизнинг кутубхонага қатнови 173 минг мартага етди ва улар ярим миллиондан ортиқ китоб ўқиди.

Форумни ҳар йили декабрь ойининг иккинчи ярмида ўтказишга келишиб олинди.

6 (1).JPG

Тадбир давомида Фарғона шаҳар санъат коллежининг “Ниҳол” ансамбли томонидан ўзбек ва жаҳон классик асарлари жонли ижро этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
12 191