Фарғонада “Ёшлар юридик клиникаси” иш бошлади
Юридик клиника БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фарғона шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Ёшлар юридик клиникаси” очилди.
Юридик клиника БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Сир эмаски, бугунги пандемия шароитида аксарият ёшларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятлари чекланиб қолмоқда. Бу ҳолат уларга ҳар томонлама кўмак берилишини тақозо этади. Ҳамкорликдаги мазкур лойиҳанинг асосий мақсади ҳам ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Мазкур юридик клиникада ёшлар ҳаётида учраб турадиган турли ижтимоий ва иқтисодий ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Шунингдек, йигит ва қизларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат олишда, мулк ва ерга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда ва кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган бошқа масалаларда тажрибали мутахассислар томонидан ҳуқуқий кўмак берилади.

Ҳуқуқий клиниканинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда, шунингдек, Фарғона вилоят Адлия ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ўртасида “Юридик клиника фаолият самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги ҳамкорликдаги меморандум имзоланди.
Шу куннинг ўзида мазкур ҳуқуқий маслаҳатхона масъуллари томонидан 40 дан зиёд ёшларга турли масалаларда тўлақонли маслаҳат берилди. Тадбир якунида Марғилон шаҳридаги Ёшлар технопаркида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган қизлар учун давра суҳбати ҳам ташкил этилди.
