Фарғонада яна бир ташаббус: 500 миллион сўмлик китобхонлик танлови эълон қилинди
Танловни ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб, кўрик-танловларнинг ғолибларини тақдирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Фарғона вилоятида бугунги карантин даврида ўқувчи-ёшлар, уларнинг ота-оналарининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китобхонликка қизиқишини кучайтириш, она тилига меҳрини ошириш мақсадида 10 апрелдан 10 майга қадар “Китобхонлик ойлиги” ўтказилади. Ойлик давомида “Она тили-миллат ғурури” мавзусида иншолар танлови ҳамда “Ёш китобхон”, “Китобхон ота”, “Китобхон она”, “Мумтоз ғазаллар билимдони” кўрик-танловлари ташкил этилмоқда.
Танловни ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб, кўрик-танловларнинг ғолибларини тақдирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси нафақат юртимизни, балки бутун дунёни ҳам хавотирга солаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Президентимизнинг қатъий позицияси, халқпарвар сиёсати, қабул қилаётган оқилона фармон ва қарорлари пандемияни жиловлаш ва унинг салбий таъсирини юмшатишга кучли замин яратмоқда. Ёшларнинг таълимдан узилиб қолмасликлари, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан барча чора-тадбирлар ҳам олиб бориляпти.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўчага чиқмасдан уйда қолиш, бўш ўтирмаслик, илмий ва бадиий асарларни мутолаа қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишда давом этиш ёшларнинг асосий кундалик иши бўлиши керак.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ана шундай вазиятда ўқувчи- ёшлар, ота-оналар учун онлайн танловларни ўтказиш белгиланди. Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 9,10 ва 11-синф ўқувчилари ўртасида “Она тили-миллат ғурури” мавзусида иншо ва шеърлар танлови бўлиб ўтади.
– Карантин даврида ёшларни китоб мутолаасига қизиқтириш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов. – Шунинг учун вилоятимизда “Китобхонлик ойлиги” ташкил этилиб, ўқувчи-ёшлар учун “Китобхон ўқувчи”, “Мумтоз ғазаллар билимдони”, уларнинг ота-оналари учун “Китобхон ота”, ”Китобхон она” кўрик-танловлари ўтказилади. Кўрик-танловларнинг низоми ишлаб чиқилди.
Маълум бўлишича, “Китобхон ойлиги” доирасида ташкил этиладиган кўрик-танловлар кутубхона ҳамда Ёшлар иттифоқининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали эълон қилиб борилади ва тўғридан-тўғри савол-жавоблар тарзида ўтказилади. Хусусан, “Мумтоз ғазаллар билимдони” танловида ўқувчилар ўзлари мустақил тарзда ёд олган ғазалларини айтиш жараёни акс этган видеороликларни ҳакамлар ҳайъатига тақдим этади.
Танлов ғолиблари ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.