Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 14:31 Чоп этиш версияси

Фарғонада Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб адабиёт кунлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар миллий адабиётимизни ривожлантириш, унинг равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган ёзувчи-шоирларнинг ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш, асарларини нашр этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизнинг ривожланиш жараёнлари холисона, танқидий баҳоланиб, бу борада ечимини кутаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар белгиланди.

Қўқон шаҳрида бошланган адабиёт байрами вилоят бўйлаб катта шодиёналарга уланиб кетди. Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида ўтказилган “Амирий ва Қўқон адабий муҳити” мавзусидаги илмий-амалий анжуманда Қўқон адабий муҳитининг шаклланиши, бу ердан етишиб чиққан адабиёт намояндалари ва уларнинг ижоди ҳақида сўз юритилди. Театр ижодий жамоаси томонидан Амирий ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Иштирокчилар Амирий ва Нодирабегим хоклари қўйилган Даҳмаи шоҳон қадамжосини зиёрат қилди. Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-амалий анжуманда адибнинг маҳорат мактаби, асарлари ва адабиётимиздаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.

– Қўқон адабий муҳитида етишиб чиққан ижодкорлар миллий адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшган, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо. – Бугун ҳам уларнинг муносиб издошлари кўп. Президентимиз раҳнамолигида ижод аҳлига қаратилаётган алоҳида эътибор биз, ижодкорларни истиқлол ғояларига хизмат қиладиган сара асарлар яратишга ундамоқда. Фарғонада бўлиб ўтаётган адабиёт кунлари ҳам барчамизга янада илҳом ва куч-қувват бағишламоқда.

Учкўприк туманида миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган Ҳазиний, Ўзбекистон туманида таниқли шоир Йўлдош Сулаймон ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ижодига бағишланган анжуман адабиёт ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.

Узоқ йиллар мобайнида мамлакатимиздаги болалар нашриётлари, босма нашрлар, электрон оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатган А.Обиджон серқирра ижодкор сифатида адабиёт мухлислари, хусусан, ёш китобхонлар қалбидан жой олган. Унинг шеър ва ҳикоялари болаларга хос самимийлиги, тилининг соддалиги, ҳаётийлиги ва юморга бойлиги билан ҳар қандай китобхонни ўзига жалб этади. Барча асарлари катталарга ҳурмат, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик сингари юксак инсоний ғоялар билан суғорилган.

Адабиёт байрамининг якуний тадбири Фарғона шаҳрида Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 999






Все о погоде - Pogoda.uz