ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада теримчиларга етарли шароитлар яратилган

Фарғонада теримчиларга етарли шароитлар яратилган

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида бўлиб, пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитларини яратиш юзасидан мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича фаолиятини бошлади.

Ишчи гуруҳнинг дастлабки ўрганишлари Ўзбекистон ва Бешариқ туманларидан бошланган бўлса, навбатдагиси Қўштепа туманида бўлди. Ишчи гуруҳ вакиллари фермер хўжаликларида бўлиб, пахта йиғим-терими жараёни, теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

“Паҳлавон Ғуломжон ерлари” фермер хўжалиги далаларида айни пайтда 74 нафар теримчи пахта термоқда. Теримчиларга яратилган шароитдан кўнгил тўлади. Тушлик пайтида теримчиларга иссиқ овқат берилмоқда. Энг асосийси, ҳар бир теримчи билан ихтиёрий равишда пахта йиғим теримида қатнашиш ҳақида меҳнат шартномаси тузилган. Пахта майдонига киришдан аввал ҳар бир теримчининг иссиғи ўлчаниб, қўллари антисептик воситалари билан зарарсизлантирилмоқда. Тиббий ниқоблар фермер хўжалиги раҳбари томонидан бепул берилмоқда.

– Аввало, пахта йиғим-теримида қатнашиш учун меҳнат шартномаси туздим. Шундан сўнг пахта теришни бошладим, – дейди Ширмоной Абдужалилова. – Терган пахтамнинг ҳар бир килоси учун 1000 сўмдан ҳақ оляпман. Кеча 85 килограм пахта териб, 85 минг сўм ҳақ олдим.

Ишчи гуруҳ “Нуриддин Таниқулов” фермер хўжалигида бўлиб, теримчиларга яратилган шароитни гувоҳи бўлишди. Улар билан мажбурий меҳнат, терим пулларини ўз вақтида тўланаётганлиги яратилган шароитлар хусусида суҳбатлашди.

– Пахта пулини ҳар кунлигини ҳар куни оляпмиз. Кеча 115 килограм пахта тердим, – дейди “темир дафтар” рўйхатида турувчи Хосиятхон Ҳошимова. – Терим пулларимизни ўз вақтида олиб, рўзғоримизни бут қиляпмиз. Тушлик маҳалда бепул иссиқ овқат берилади. Дам олиш учун салқин жойлар ҳозирланган. Умуман олганда, биз теримчиларга яратилган шароит ва қулайликлардан мамнунмиз.

Ишчи гуруҳ вакилларининг навбатдаги манзили “Fergana Global Textile” масъулияти чекланган жамияти кластерининг пахта майдони бўлди. Бу йил кластер томонидан 205 гектарга пахта экилган. Айни пайтда бу ерда 150 нафар теримчи пахта теряпти. Ишчи гуруҳ вакиллари, биринчи навбатда, теримчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Улар билан меҳнат шароитлари, пахта пулини ўз вақтида тўланиши каби масалаларда мулоқотда бўлди.

– Пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда уларнинг ихтиёрийлик асосида меҳнат қилиб келаётгани ўрганиб чиқмоқдамиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Хазратқул Хўжамқулов. –Аҳамиятлиси, ҳеч ким мажбурий равишда теримга жалб этилгани йўқ. Теримчиларга пахта пуллари ўз вақтида тўланмоқда. Муҳими теримчилар, оиласига қўшимча даромад келтираётганидан мамнун.

– Ишчи гуруҳ аъзолари билан пахта далаларида бўлиб, жараён билан танишяпмиз. Мамнун этадиган ҳолат шуки, бирорта пахта даласида болалар меҳнатига, мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келмадик, – дейди Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. – Пахта далаларида теримчиларга муносиб иш шароитлари яратилган. Ким билан суҳбатлашмайлик, пахта пулларини ўз вақтида тўланаётганлигидан мамнун эканликларини таъкидламоқда.

Ишчи гуруҳининг вилоят туманлари бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.

photo_2020-09-24_18-45-33.jpg

photo_2020-09-24_18-45-34.jpg

1 914
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА