Фарғонада табиий газ ўғрилиги фош этилди
Ушбу ҳолат бўйича оҳак ишлаб чиқариш цехи фаолияти тўхтатилиб, жойида тегишли далолатнома расмийлаштирилди
" “Ҳудудгаз Фарғона” масъулияти чекланган жамияти томонидан Фарғона вилояти аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумида бир маромда табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Давлат ҳавфсизлик хизмати Данғара туман бўлимлари мутасадди вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбир давомида Данғара туманидаги “Санам” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Обод қишлоққа кўмакчи” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ўрганилди. Натижада “Данғара-2” саноат коллекторидан Бувайда туманига тортилган юқори босимли газ қувурига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиб олинган оҳак ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, “Обод қишлоққа кўмакчи” МЧЖ ва “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ ўртасида табиий газни етказиб бериш бўйича шартнома тузилмаганлиги, жамиятдан рўйхатдан ўтмаганлиги, оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш учун ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаганлиги ҳамда газ ҳисоблаш ускунаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича оҳак ишлаб чиқариш цехи фаолияти тўхтатилиб, жойида тегишли далолатнома расмийлаштирилди. Етказилган зарар суммасини аниқлаш учун маълумотлар лойиҳа институтига тақдим этилди ва унинг хулосаси асосида якуний ҳисоб-китоблар қилиниб, чора кўрилиши белгиланди.