Фарғонада одамларни суратга олиб, тарқатмоқчи бўлган шахс 15 сутка маъмурий қамоққа олинди
Аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш ва ёлғон хабар тарқатиш мақсадида фотосуратлар олиб, интернетга жойлаштирмоқчи бўлган фуқаро жазоланди.
Аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш ва ёлғон хабар тарқатиш мақсадида фотосуратлар олиб, интернетга жойлаштирмоқчи бўлган фуқаро жазоланди.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи А.И. жорий йил 26 март куни соат 16:30лар чамасида Фарғона вилоят кўп тармоқли шифохонаси олдида фуқаролар тўпланиб, шифокорлар билан гаплашиб турганлигини кўриб, бундай ҳолатдан фойдаланмоқчи бўлди. У телефони орқали бу ерда ўз ишлари бўйича турган фуқароларни суратга олади. Мазкур суратларни интернетга жойлаб, гўёки одамлар Фарғонада намойишга чиқди, деган хабар тарқатмоқчи бўлди.
Коронавирус инфекцияси тарқаб, одамлар ваҳима тушаётган пайтда аҳоли шу каби ёлғонларга ишониши аниқ. А. И.нинг шум нияти шундай эди аслида. Ҳаттоки, воқеа жойига келган профилактика инспекторининг қонуний талабларини бажармасдан, бирон-бир арзирли сабабсиз уни уятли сўзлар билан сўкиб, яна фуқароларнинг осойишталигини бузган.
Ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган иш ҳужжатлари Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, унга 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари 446 минг сўм жарима жазоси тайинлади.