ЎзА Ўзбек

03.03.2019 17:09 Чоп этиш версияси

Фарғонада мактаб ўқувчиси кимёвий модда ичиб вафот этгани ростми?

Фарғонада мактаб ўқувчиси кимёвий модда ичиб вафот этгани ростми?

Турли ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси синфдошлари томонидан мажбурлаб кимёвий модда ичдирилганлиги боис вафот этганлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Хўш, бу воқеа қанчалик рост? Мухбиримиз мазкур ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди.

2019 йил 15 февраль куни соат 22:30 ларда Ўзбекистон тумани марказий шифохонасининг қабулхонаси берган хабарга асосан, Ўқчидашт қишлоғида яшовчи, 17-умумтаълим мактабининг 9–синф ўқувчиси Сардор Абдумаликов ўзининг эҳтиётсизлиги орқасидан номаълум дорини очиб, ота-онаси томонидан шифохонага олиб келинган.

Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига туман прокуратурасининг тезкор-тергов гуруҳи етиб бориб, тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида вояга етмаган С. Абдумаликов боши оғригани учун уйидаги жавондан номаълум дорини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ичиб олганлиги, кейин қорни оғриб қолганлиги, бу ҳақда ота-онасига айтгани, уни шифохонага олиб борганлиги, ҳеч ким унга мажбурлаб дори ичдирмаганлиги, оила аъзолари ва бошқа шахслар билан жанжаллашмаганлиги, уларга аччиқ қилиб дори ичмаганлиги, ҳеч ким билан адовати бўлмаганлиги аниқланди.

Туман халқ таълими бўлимидан олинган маълумотларга кўра, С.Абдумаликов 2019 йил 15 февраль куни мактабга келиб, олти соат дарс машғулотларига қатнашган. Мактабда ўқувчига синфдошлари ва педагоглар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган. Бу ўқувчи мактабнинг аълочи ва иқтидорли ўқувчиларидан бири эди.

Сардор ўн кун давомида шифокорлар назоратида даволанган ва умумий аҳволи яхшилана бошлаган. Аммо, 2019 йил 26 февраль куни унинг ҳолати ёмонлашиб, туман марказий шифохонасида вафот этди.

Айни кунларда мазкур ҳолат юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

М. Сулаймонов, ЎзА
9 377