ЎзА Ўзбек

02.02.2018 16:17 Чоп этиш версияси

Фарғонада келгусида ҳунармандчилик ва унинг янги йўналишлари жадал ривожланади

Фарғона вилоятида 2018-2019 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобидан 304 лойиҳа амалга оширилиб, 600 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Ҳунармандларимиз қўл меҳнати билан яратаётган маҳсулотлар аллақачон жаҳон бозорида ўз ўрнини топган. Фарғона вилоятида ҳам мазкур соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгаймоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

– Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон тумани ҳунармандчилик борасида ўзига хос мактаб яратган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳунармандларимизни руҳлантириб, янада куч-ғайрат билан ишлашга, бетакрор санъат асарлари яратишга ундамоқда. Мазкур фармон асосида ҳунармандчилик фаолияти йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди, 34 йўналиш киритилди. Ҳунармандчилик субъектлари, жумладан, "Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди.

Вилоятда 1 минг 300 дан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли дастури асосида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Марғилон шаҳрида Дилафрўз Зокирова миллий тўн тикиш, қўқонлик Бахтиёр Сиддиқов заргарлик буюмлари, Жамолиддин Соҳибназаров эсдалик буюмлари, Бешариқ туманидан Содиқжон Умрзоқов ёғочдан тайёрланадиган ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда туризмни ривожлантириш ва миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этиш учун аниқ тадбирлар белгиланди. Ҳунармандчилик ва туристик мавзелар қуриш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳунармандлар маркази ташкил этиш учун ер майдонлари танланди. Туризм соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда ҳунармандчилик туризмнинг ажралмас қисмига айланди. Қадим шаҳарларимиз кўрки, мамлакатимизнинг экологик табиатига ҳамоҳанг яратилаётган ҳунармандчилик намуналари сайёҳлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Масалан, Риштон туманида “Хизр бува” зиёратгоҳининг реконструкция қилиниши ва ҳудудда кулоллар учун ёпиқ бозор ташкил этилиши белгиланган. Жорий йилда бозорни шарқона усулда безатиш, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш, ошхона, дам олиш жойлари бунёд этиш, йўллар, аҳоли яшаш ҳудудларининг талаб даражасида бўлиши учун реконструкция ишлари олиб борилади. Қўқон шаҳрида эса миллий ҳунармандчилик марказини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилган.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
11 931