ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада ипак қуртидан 84 тоннадан ортиқ кузги ҳосил олинди

Фарғонада ипак қуртидан 84 тоннадан ортиқ кузги ҳосил олинди

Фарғона вилоятида 2 минг 100 қути кузги ипак қуртини 3 минг 770 нафар пудратчи пиллакорлар интенсив усулда парваришлади. 

Ҳар қути қурт уруғидан териб олинган ҳосил салмоғи 40 килограммдан ошди. 

— Пиллачилик сердаромад соҳа, меҳнат қилган одам барака топади, — дейди уста пиллакор Хайрулла Тешабоев. — Фарғона туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик қиламиз. — Баҳорги мавсумда 3 қути ипак қуртидан 280 килограммдан ошириб ҳосил териб олдик. Даромад миқдори 4 миллион сўмдан ошди. Кузги пилладан ҳам яхши хирмон кўтардик. Уйимизга яқин ҳудудда 2 гектар майдонда тут плантациялари ташкил қилганмиз. Кўчатлар оралиғига рўзғоримиз учун керакли бўлган сабзавот экинлари экамиз. Эндиликда тут плантациясининг ўзида ипак қурти парваришлашга ихтисослашган енгил типдаги кўчма қуртхона қуриш борасида иш олиб боряпмиз.

Юртимиз иқлим шароити мавсумда 3-4 марта ипак қурти парваришлаш учун қулай. Такрорий пилла парваришлашни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ҳаракатлар нафақат хом ашё, балки тайёр ипак матолари ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини кенгайтириб, экспорт миқдорини ошириш имкониятини беряпти.

— Эндиликда хориждан эмас, маҳаллий шароитда ипакчанлиги юқори бўлган ипак қурти уруғлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамият раиси Маъсуджон Қосимов. — Жорий мавсумда ипак қурти уруғи етиштирувчи 2 та корхона томонидан 35 минг қутидан зиёд уруғлар ишлаб чиқарилди. Келаси мавсумдан бошлаб, қурт уруғлари тўласича маҳаллийлаштирилади. Бундан ташқари, ипак матоларни тайёр маҳсулот сифатида экспорт йўналтиришга эътибор қаратиляпти. Шу йилнинг ўзида пиллани қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарда ипак гиламлар тўқиш йўлга қўйилди.

Бу янги иш ўринлари яратиш, тут плантациялари ташкил этиш, мавжуд тутзорлар ҳосилдорлигини оширишда қўл келмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кузги ипак қуртидан 84 тоннадан ортиқ саноат хом ашёси териб олинди. Ўтган саккиз ойда пиллакорларнинг вилоят экспортига қўшган улуши 3 миллион 887 минг АҚШ долларни ташкил қилмоқда.

1 185
М.Сулаймонов, ЎзА