ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада енгил қоидабузарликларга йўл қўйган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди

Фарғонада енгил қоидабузарликларга йўл қўйган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Дониёр Тошхўжаев яқинда журналистлар ва блогерлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ нохуш ҳолат уни ташвишга солаётганини билдириб, тез кунларда бу борада амалий ишлар бошланишини айтиб ўтганди. Ўтган йилда ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ошган бўлиб, Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Олтиариқ, Қува, Ўзбекистон, Риштон, Данғара, Сўх ва Фурқат туманларида бундай ҳолат кўп содир бўлган.

Бугун илк бор мамлакатимиз бўйича биргина Фарғона вилоятида тажриба тариқасида “Меҳр” деб номланган лойиҳага старт берилди.

Бир ҳафта давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида енгил қоидабузарликларга йўл ҳаракати хизмати ходимлари томонидан ҳайдовчилар жаримага тортилмай, фақатгина огоҳлантириш билан кифояланади.Чунки баъзи ҳайдовчилар билиб-билиб ҳаракат жараёнида қоидани бузиши мумкин. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад: ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини янада юксалтириш, йўл қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш ва бу орқали йўлларда содир бўладиган мудҳиш ҳолатларга барҳам беришдан иборат.

Бугун эрта тонгдан Фарғона вилояти ИИБда ташкил этилган тадбир олди йўриқномада раҳбарият томонидан тадбирни самарали ўтказиш бўйича тегишли топшириқларни олган йўл ҳаракати хизмати инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудудларга йўл олдилар. Ҳафта давомида йўлларда қоидабузарликлар ўрганилиши билан бирга таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоат жойларида фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳаракат иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича профилактик суҳбатлар олиб борилади.

Вилоятда иш бошлаган “MultaRadar”лар илк натижасини бера бошлади. Ҳаракатдаги “MultaRadar”лар бир кунда Фарғона вилояти бўйича 550 та автомашиналарнинг йўлларда тезлик билан боғлиқ қоидабузарликларини аниқлади.

653
М. Сулаймонов, ЎзА