Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.10.2017 18:06 Чоп этиш версияси

Фарғонада E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди

Фарғонада E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди Унда Фуқаролик ишлари бўйича Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги туманлараро судларнинг судья ва ходимлари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.

Одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Мазкур тизим фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва бошқалар суд тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш судларда адолат ва очиқликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

5.JPG

Тадбирда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида Фуқаролик ишлари бўйича Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги туманлараро судларга 57 замонавий компьютер жамланмаси топширилди.

Иштирокчилар E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизимининг барча босқичлари билан танишди. Мазкур тизимнинг жорий этилиши натижасида суд ишларини кўришга сарфланадиган вақт 2 баробар қисқарди, хизмат кўрсатиш самарадорлиги 50 фоиз ошди, ресурслар тежалиши эса тахминан 70 фоизни ташкил қилди, ҳужжатларни йўқотиб қўйиш ҳолати умуман бартараф этилди.

– E-SUD тизими фойдаланувчига ариза топшириш, ҳужжатларни электрон тарзда олиб бориш, кўриб чиқилаётган ишларни судга келмасдан электрон тарзда кузатиб бориш, суд огоҳлантирувчи ҳужжатларини улар тузилган заҳотиёқ электрон кўринишда олиш, суд ҳужжатлари билан онлайн танишиш имконини беради, – дейди Фарғона вилояти Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди судьяси Элёржон Исмоилов. – Бу тарафларнинг оворагарчилиги, турли сансалорликлар, ортиқча қоғозбозлик ва бошқа сарф-харажатларга чек қўяди. Судга мурожаат қилган даъвогарлар иш билан боғлиқ процессуал жараёнлар, яъни ишнинг тайинлангани, қолдирилгани, тўхтатилгани ёки кўриш натижасида бирор бир тўхтамга келингани ҳақидаги маълумотлардан интернет тармоғидаги шахсий кабинет орқали хабардор бўлиш имконияти мавжуд. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб бизда ҳам мазкур тизим бўйича ишлар ташкил этилиб, бугунга қадар миллий электрон тизим орқали 1 минг 400 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида “Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти”, “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби”, “Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар”, “Суднинг ҳал қилув қарорини тузиш бўйича амалий қўлланма” каби китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 890






Все о погоде - Pogoda.uz