ЎзА Ўзбек

12.06.2019 19:09 Чоп этиш версияси

Фарғонада бўлиб ўтган бизнес форумда қандай келишувларга эришилди?

Фарғонада бўлиб ўтган бизнес форумда қандай келишувларга эришилди?

Фарғонада Корея Республикаси ишбилармон доиралари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш, хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш борасидаги ишлар бугун ўзининг амалий самараларини бермоқда. Турли соҳаларда инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда 341 та хорижий инвестиция иштирокида корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 130 миллион хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 

Вилоятда кўплаб давлатларнинг йирик компаниялари, тадбиркорлари билан ташкил этилаётган бизнес форумлар ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Фарғона шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Корея бизнес форумида ҳар икки томонлама манфаатли бўлди. 

Бизнес форумнинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Корея –Ўзбекистон бизнес маркази раҳбари Ким Санг Кеон ва бошқалар икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиб бораётганликларини таъкидлади. 

JMJ_5858.JPG

– Вилоятимизда Жанубий Кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда йигирмага яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят инвестиция бошқармаси бошлиғи Дониёржон Ғаниев. – Ўтган йилда тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида ташқи савдо айланмаси 70 миллион долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона шаҳрида “Listem Fergana” ҳамда “Winchemical” қўшма корхоналари ишга туширилганлиги ҳам ўзаро ҳамкорликнинг жадал ривожланиб бораётганидан далолатдир. Hyundai, Evergreen Motors компаниялари томонидан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида қишлоқ хўжалиги учун мини техника ва юк кўтарувчи каралар ишлаб чиқариш лойиҳасида 15 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилади. 

2019-2020 йилларда Фарғона вилоятини ривожлантириш дастури асосида 330 миллион Корея инвестицияларини ўзлаштириш орқали 15 та лойиҳалар амалга оширилади. Мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, йилига 150 миллион долларлик товар ва хизматлар ишлаб чиқарилишига эришилади. Бундан ташқари, бошқа истиқболли лойиҳалар мавжуд бўлиб, 2020-2022 йиллар давомида 900 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади. 

Бизнес форумда вилоятнинг инвестицион салоҳияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “G2B” ва “B2B” шаклидаги музокаралар ташкил этилди. Унинг доирасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. 

JMJ_5859.JPG

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
4 344