Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.10.2017 15:26 Чоп этиш версияси

Фарғонада аҳоли саломатлиги муҳофазаси йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Фарғонада аҳоли саломатлиги муҳофазаси йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида малакали мутахассислар иштирокида профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мунтазам ташкил этиб келинаётгани аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги ишлар самарадорлиги янада ошди.

7.jpg

– Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғма ногиронликнинг олдини олиш, тиббий хизмат сифатини тубдан такомиллаштириш, даволаш ва диагностика ишларида замонавий технологиялардан фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда, – дейди Фарғона вилояти “Она ва бола скрининг” маркази директори Манзура Салимова. – Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган скрининг марказлари фаолияти самарасида болаликдан ногиронлик кўрсаткичларини камайтиришга эришилаётир. Вилоятда 2013 – 2017 йилларда ногирон болалар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш Давлат дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Марказда ҳомиладор аёллар ҳамда чақалоқлар скрининг текширувдан ўтказилмоқда. Ҳомиладор аёлларда ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонларини аниқлаш учун перинатал (туғруқолди), туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияни аниқлаш учун оммавий неонатал (чақалоқлар) скрининги олиб борилмоқда. Туғма ҳамда ирсий патологиялари бўлган беморларга тиббий-генетик маслаҳат берилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида замонавий ультратовушли ташхис ускуналари ёрдамида 73 мингдан зиёд ҳомиладор аёл бирламчи скрининг текширувидан ўтказилди. 18 минг 895 нафар ҳомиладор аёл перинатал, 37 мингдан зиёди эса неонатал скринингидан ўтказилиб, зарур маслаҳатлар берилди.

Вилоят скрининг маркази мутахассислари жойлардаги тиббий муассасалар ходимлари билан ҳамкорликда маҳалла ва қишлоқларда, ўқув масканларида бўлиб, “Скрининг маркази фаолияти”, “Тиббий маданият – соғлом турмуш гарови”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш: ютуқлар ва муаммолар”, “Эрта никоҳнинг олдини олиш” каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Бундай тадбирлар давомида камқонлик, буйрак, жигар етишмовчилиги каби экстрагенитал касалликлар билан хасталанган туғиш ёшидаги аёллар аниқланиб, диспансер, амбулатория даволанишига қамраб олинаётир.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 791






Все о погоде - Pogoda.uz