ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада 79 ёшли ота расмий никоҳдан ўтди

Фарғонада 79 ёшли ота расмий никоҳдан ўтди
Бир неча йил аввал Сурайё Ибрагимованинг онаси оғир касаллик туфайли оламдан кўз юмди. Ота ёлғизланиб қолди. Сурайё падари бузрукворини уйлаб қўйиш ҳақида бир неча марта таклиф ҳам берди, аммо узоқ йиллардан буён бирга яшаган инсонга бошқа аёл ўхшармикан, дея отаси Анвар Ибрагимов рад этаверди...

Сурайё ҳар куни ишидан бўшаб отаси ҳолидан хабар олишга келса ҳам онасининг ўрнини боса олмади. Шу сабабли онасига ўхшаш аёл қидира бошлади. Отасига мос билган, унинг қайсарликларига кўнадиган меҳрибон инсон топди ва унга оғиз солди.

60 ёшни қаршилаган Насибахон она Қосимовага Сурайё дастлаб бироз инжиқдек кўринди. Аммо қалби пок, отасига меҳрибон кўринган бу қизга она бўлишга рози бўлди.

– Ҳаммаси рисоладагидек ва расмий бўлишини истадик. Янги меҳмон оиламизнинг чинакам аъзосига айланиши учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга солдик, – дейди Сурайё Ибрагимова. – 79 ёш остонасида турган дадамни Насибахон – янги онамга Фарғона шаҳридаги ФХДЁ бўлимида тантанали расмий никоҳдан ўтказишга кўмаклашдим. Отам бахтимизга соғ бўлса, умри давомида бизлар учун қилган беминнат меҳнатлари роҳатини кўрса, дейман. Фақат ниятим шу. Раҳматли онамнинг отам ҳақидаги васиятларини чин кўнгилдан бажардим... 

Сурайё бугун отасининг юзида табассум кўрди. Насиба онасини ҳаж сафарига юборди. Бугун хожи ота ва хожи оналар бир-бирларига дарддош, елкадош. 

Фарғона вилоятида 2020 йилнинг 5 ойи давомида 50 ёшдан юқори 800 дан ортиқ фуқароларимизнинг шаръий никоҳларига расмий мақом берилди. 

Элёр Аъзам,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
ахборот хизмати.

1 802
ЎзА