ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада 28 минг эҳтиёжманд оилага ёрдам кўрсатилмоқда

Фарғонада 28 минг эҳтиёжманд оилага ёрдам кўрсатилмоқда

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан карантин чекловлари жорий қилинган даврда шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд ва оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга кўмак кўрсатилмоқда. 

Бугун Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарларига 140 тонна ун, 56 тонна шакар ва гурунч, 56 минг дона ёғ ва тиббий ниқоблар ортилган «Саховат ва кўмак» карвони юборилди.

Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб оилалар қийин ҳолатга тушиб қолди.Мамлакатимизда карантин эълон қилинган дастлабки кунлардан бошлаб, аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.Хусусан, «Саховат ва кўмак» жамғармасининг ташкил этилиб, хайрия ишларини йўлга қўйилганлиги минглаб оилаларга умид бағишлади. 

photo_2020-07-11_19-01-55.jpg

Халқимиз синовли кунларда боқий ва эзгу фазилатларни намоён эта олди. Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, жорий йилнинг 10 июлидан 1 августига қадар карантин чекловлари жорий қилинди. Шундай вазиятда муҳтож ва камтаъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда хайрли ишга қўл урилди.

- Шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда яшовчи 28 мингта эҳтиёжманд оилаларга 20 кунлик давр учун зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлик ёрдами сифатида тарқатилмоқда, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов. 

- Бундан ташқари, давлат томонидан моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб берилади. Моддий кўмак юкларини манзилли тақсимлаш ҳамда етказиб бериш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти йўлга қўйилди.

4 612
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА