Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.02.2018 15:01 Чоп этиш версияси

Фарғонада 12 шаҳар посёлкасининг бош режаси ишлаб чиқилади

Фарғона вилоятида 2018-2022 йилларда республика шаҳар посёлкаларининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури асосида 12 шаҳар посёлкасида бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Бугун юртимизнинг қай ҳудудига борманг, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг устидан чиқасиз. Замонавий турар жойлар, саноат корхоналари барпо этилмоқда. Албатта, бу ишларда шаҳарсозлик ва меъморий ечим алоҳида ўрин эгаллайди. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Вилоятда шаҳарсозликни ривожлантириш учун нимага эътибор қаратиш керак?

Табиийки, бу соҳани мутахассис бошқаради. Бинобарин, Фарғона политехника институтида айнан шу соҳага ихтисослашган факультетлар фаолият кўрсатиб, унда малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоятда 184 шаҳарча, 8 шаҳар ва 162 аҳоли яшаш пункти йиғинлари мавжуд, – дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Баҳодир Хўжаматов. – Ҳозирча фақат 8 шаҳар ва 14 шаҳарчанинг бош режаси ишлаб чиқилган, холос. 162 қишлоқ аҳоли йиғинлари пунктидан 46 тасида меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Албатта, бунга лойиҳалаш ташкилотларининг янги инновацион технологиялар билан таъминланмагани, мутахассисларнинг етарли эмаслиги, шаҳарсозлик соҳасидаги қоида-меъёрларнинг мукаммал эмаслиги таъсир қилмасдан қолмайди. Ҳозирги кунда вилоятда 2 та етакчи лойиҳалаш ташкилоти – “Қўқон қурилиш лойиҳа” ва Фарғона шаҳрида “Фуқаро лойиҳа” ҳамда “ЎзшаҳарсозликЛИТИ”нинг вилоят филиаллари ташкил этилди.

2018-2022 йилларда 12 шаҳарча ва 20 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларининг меъморий режалаштириш топшириқларини тайёрлаб чиқиш белгиланган. Мақсад мазкур аҳоли пунктларини истиқболли ривожлантириш, турар жойлар қурилиши, ижтимоий-маиший соҳа иншоотлари, инфратузилма объектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришдир. Бош режани ишлаб чиқишда аҳолининг соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ҳудудларда истироҳат боғлари, хиёбонлар, сузиш ҳавзалари ташкил этиш, спорт иншоотларини янада ривожлантириш асосий мезонлардан бўлиб қолмоқда.

– Мазкур қарор билан туманимиздаги "Қоратепа" шаҳарча фуқаролар йиғини дастурга киритилган, – дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Муҳиддин Жўраев. – Бу ҳудуддаги 4 маҳалла фуқаролар йиғинида 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бош режани ишлаб чиқишда қурилиш чизиғи эътиборга олинмасдан амалга оширилган ҳолатлар кўп. Ёзёвонда ҳам 53 кўп қаватли уй коммуникация тармоқлари ҳисобга олинмасдан қурилган. Мазкур лойиҳа ишлари учун 200 миллион сўмга яқин маблағ ажратилди. Айни пайтда коммуникация ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, бош режани ишлаб чиқишда туман архитектураси ва кадастри вакиллари билан биргаликда ҳудудларда қайтадан йўқламалар ўтказилмоқда. Марказий боғ ва ободонлаштириш бўйича объектлар таклифи тайёрланмоқда. Қоратепа шаҳарча посёлкасини ривожлантириш бўйича кўплаб режалар бор.

Ҳа, ҳудудларда шаҳарсозликни ривожлантириш борасидаги бу каби ишлар аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
7 547