ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонача атама: “Я и ты”, “Теремок”, “Молодец”...

Фарғонача атама: “Я и ты”, “Теремок”, “Молодец”...

Она тилимизнинг софлигини асраш, мавқеини ошириш бўйича ваъзхонлик қиламиз. Миллий ўзлигимиз тимсоли дея бонг уришга ўрганиб қолдик. Хўш, амалда ҳам шундайми? Аслида она тилига ҳурматни ўзимиздан, атрофимиздан бошлашимиз керак эмасми? Кўчаларни тўлдириб турган ажнабийча сўзлар билан ёзилган пешлавҳалар, эълон ва рекламаларга ўрганиб қолдик, парво қилмаяпмиз. Ҳатто кимлардир бу билан фахрланишади. Узоққа бормайлик, Фарғона вилояти марказига бир саёҳат қилиб, бунга гувоҳ бўласиз.

Шаҳарнинг Соҳибқирон Темур, Б. Марғиноний кўчаларини кезаркансиз, дўконлар, хизмат кўрсатиш мажмуалар пештоқидаги ёзувлар, уларнинг номланишини кўриб энсангиз қотади. “Я и ты”, “Теремок”, “Молодец”, “Реал строй”, “Пятерочка” каби номларни қўйишдан муддао нима ўзи дея ўйланиб қоласиз. Наҳотки, ўзбек тилининг луғатида номлаш учун муносиб сўз бўлмаса? Шунингдек, кўплаб баннерлар, эълонлар ва пешлавҳалардаги имловий хатоликлар ҳеч кимнинг эътиборини тортгани йўқ. Мутасаддилар эса фақатгина қоғозда ҳисоботлар бериш билан ишлаётганга ўхшайди чоғи. Бу ҳолатга қачонгача томошабин бўлиб турамиз?

photo_2020-07-02_16-23-30.jpg

photo_2020-07-02_16-23-31.jpg

Куюнганимиз шуки, ажнабийча номларнинг қўйилиши Фарғона шаҳрида борган сари кўпаймоқда. Реклама ва эълонларнинг аксарияти ҳам рус тилида.

Она тили ҳар бир халқнинг буюк қадрияти, шу халқнинг бебаҳо маънавий бойлиги, миллатнинг ўзлигини намоён этувчи восита экан, унинг софлиги, барқарорлиги учун курашиш, келгуси авлодларга шу бебаҳо хазинани бекаму кўст етказиш муҳим вазифадир. Эндиликда шу тилни асраб-авайлаб, бебаҳо хазинасидаги дуру жавоҳирларни намоён этиш ўзбек халқининг бурчи бўлиб қолаверади. Пештахталарда, турли ташкилотлар, идоралардаги ёзувлар, эълонлар кимлигимизни намоён қилиб туради ва кишилар шунга қараб баҳо беради. Шундай экан, фарғоналик тил ҳимоячилари кўчалардаги тушунарсиз ёзув ва атамаларга эътибор қаратар деган умиддамиз.

photo_2020-07-02_16-23-33.jpg

4 514
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА