ЎзА Ўзбек

03.07.2019 16:13 Чоп этиш версияси

ФАРҒОНА ВОҚЕАЛАРИ: Қилғилиқни қилган вазирлигу, айбдорни биздан излашаяпти

ФАРҒОНА ВОҚЕАЛАРИ: Қилғилиқни қилган вазирлигу, айбдорни биздан излашаяпти
ЎзАда чиққан “Саҳналаштирилган қабул” ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?” сарлавҳали мақола интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлмоқда. 

Бугун Kun.uzнинг “Вазир сайёр қабули «саҳналаштирилган»ми ёки кимлардир атайин уюштирганми? Воқеа қатнашчилари билан «фарғонача» суҳбат” сарлавҳа остидаги суриштирувида вазирликнинг Марғилон шаҳридаги вакили Толиб Асомиддинов номидан гўё 6-МТМ раҳбари Шоҳиста Ахунова Зарифа Холмуҳамедова ва Зиёда Шамсутдиноваларни ишга қабул қилиш ҳақида 2019 йил 28 июнь куни №25-сонли буйруқ чиқарган, деб иддао қилинади: 

«Мен у қизларни ўша куни қабул жойида кўрдим. Икки қиз ўзлари келиб айнан ўша боғчада вакансия борлигини айтишди. Мен ўша жойга жойлаштириш бўйича кўрсатма бердим. Боғча мудираси томонидан буйруқ ҳам тайёрланган. Биз бошқармага буйруқнинг электрон шаклини ҳам ташлаб бердик. Бу уюштирилган. Бу «подстава» бўлди. Мудирани ҳам танирдим. Бориб нега ишлайдиган одамларни жўнатганини сўрадим. Жума куни қабул бўлса, шанба куни буйруқ чиқяпти”. 

Биз Шоҳиста Ахунова билан яна учрашдик. 

— Қилғиликни қилган вазирлигу, биздан айбдорни излайди Kun.uz, – деди Шоҳистахон. – Мен Зарифа Холмуҳамедова ва Зиёда Шамсутдиноваларни вазир қабулига юбормаганман, уларни ишга қабул қилиш ҳақида 28 июнь куни 25-сонли буйруқ чиқармаганман. Агар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида шундай буйруқ бўлса, имзо меники эмас, сохта бўлиши керак. Биз экспертиза технологияси ривожланган давлатда яшаймиз. Агар Kun.uz таъкидлаган буйруқ бўлса, мен уни экспертизага бериб, у қайси компьютерда бизникидами, вазирликникидами ёзилган, имзо сохтами-ҳақиқийми аниқлаб берилишини талаб қиламан. 



Қизиқ ҳолат: ЎзАда “Саҳналаштирилган қабул” ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?” мақоласи 1 июль, кеч соат 23:00 да эълон қилинган. 2 июль куни эрталаб соат 9 да Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Умрзоқов бошлиқ ўрганиш гуруҳи Kun.uz мухбирини олиб, Тошкентдан Фарғонага етиб келган. Тезкорликка қойил қолиш керак, албатта. Лекин саволлар бисёр.

Нега Kun.uz материалида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиевнинг Фарғонага келиш сабабларидан бири аслида Водилдаги қариндошиникига тўйга бориш учун экани, Риштондаги чойхонада ўринбосари билан айш-ишрат қилиб, учовлон 5 шиша ароқни ичишиб, чойхона ҳудудидаги автомашинасига барчанинг кўз ўнгида базўр чиқариб қўйилгани ҳақида лом-мим дейилмаган. Бунинг сабаби, ўша чойхонадаги хижолатли вазият иштирокчиларидан (қаҳрамонларидан дейишга тилимиз бормади) бири вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг ўзи эканидамикан? 
Яна бир савол. Ўзи иштирокчиси бўлган воқеаларни ўрганиш ишчи гуруҳига вазир ўринбосари Б.Умрзоқовнинг ўзи раис бўлиши ҳам қанчалар мантиқли? Нега Kun.uz мухбири вазирнинг саҳналаштирилган қабули фотосуратларини мақолага илова қилгану, чойхонада вазирлик раҳбарларини қўлтиқлаб олиб чиқиб автомашинага ўтказишаётган суратларни киритмагани ҳам таажжубли. (Ҳолбуки бундай суратлар мавжудлигини айтишади...)

— Вазир ўринбосари бўлиб ўтган йиғилишда барча айбни вилоят масъулларига юклаб қўймоқчи бўляпти, — дейди тизим мутахассисларидан бири. – Ахир ўзлари-ку ташкилотчи ва иштирокчи....

Лекин қувончли бир хабар ҳам бор. ЎзАда мақола чиққач, вазир ўринбосари бош гуруҳ “Саҳналаштирилган қабул”да исм-фамилиялари қайд этилган барча ҳақиқий ишсизларни бирма-бир юриб ишга жойлаяптилар. Шунисидан хурсандмиз.

Анвар Қўчқоров


ЎзА
46 774