ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида яна 5 минг 230 гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинади

Фарғона вилоятида яна 5 минг 230 гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинади

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, якунланган 2019 йил Фарғона вилоятидаги 1 та пахта тўқимачилик кластери ва 13 та фермер хўжалиги томонидан 331 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган.

Уларга Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 2 миллиард 496 миллион сўм миқдорида субсидия тўлаб берилган. Томчилатиб суғориш технологиясига ўтган фермерлар пахтадан юқори ҳосил олгани, уларга субсидиялар белгиланган тартибда тўланганидан сўнг яна кўплаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари янги технологияга ўтиш учун мурожаат қилмоқда.

tomchilatib_su_orish_tekhnologiyasi_afzalliklari.jpg

– 2020 йилда вилоят бўйича жами 5 минг 230 гектар ерда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинади, – деди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Алламжон Фозилов. – Шундан 4 минг 820 гектарини томчилатиб, 310 гектарини ёмғирлатиб ва 100 гектарини пульсар суғориш тизими ташкил этади. Сув тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш истагини билдирган кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликларининг рўйхати шакллантириб, пудрат шартномалари расмийлаштириб бўлинди. Янги технологиялар асосан сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда ўрнатилади.

Шу кунга қадар “Томоша агро экспорт”, “Омад старт”, “REEL teknik muhendislik”, “Agro Boss”, “NETAFIM” каби қурувчи ташкилотлар билан шартномалар тузган кластер ташкилоти ва фермер хўжаликлари томонидан 3 минг гектар майдонда янги технологияларни жорий этиш учун тижорат банкларига ариза ва талабномалар киритилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

1 901
А.МУСАЕВ, ЎзА