ЎзА Ўзбек

02.04.2018 12:09 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида ташкил этилган секторлар фаолиятидан аҳоли мамнун

Уйма-уй юриб ўрганишлар, аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилаётган долзарб масалаларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Айниқса, бу уй-жой, коммунал ҳамда йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, ҳудудлар ободлиги, нарх-наво барқарорлиги, соғлиқни сақлаш, таълим муассасаларидаги камчиликларни бартараф этишда яққол намоён бўлмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармасига Қувасой шаҳри, Қува ва Тошлоқ тумани бириктирилган бўлиб, ишчи гуруҳлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Мазкур ҳудудларнинг экспорт имкониятларини ошириш, хизмат кўрсатиш, туризм тармоқларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш, янги иш ўринлари очиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича таъсирчан чора-тадбирларни қўллаш ҳам фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан, – дейди Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Ҳабибидинов. – “Йўл харитаси” асосида барча масалаларга муҳим эътибор қаратиб келмоқдамиз. Сектор ишчи гуруҳлари аъзолари уйма-уй юриб, жойлардаги аҳволни яқиндан ўрганмоқда, туман ҳамда вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрламоқда. Натижада жуда кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший муаммолар, меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш каби масалалар маҳаллаларнинг ўзида ҳал этилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудлардаги 54 минг 497 хонадоннинг аҳволи ўрганилди. Мулоқотлар давомида аҳоли томонидан 19 минг 352 муаммо ва таклиф билдирилди. Коммунал хизмат, газ, сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ҳамда транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли кредитлар олиш билан боғлиқ 15 мингдан ортиқ масала жойида бартараф этилди. Шунингдек, 3 минг 682 мурожаат “йўл харитаси” ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурларига киритилди.

Қувасой шаҳрида газ таъминотини яхшилаш мақсадида 7 километр қувур мукаммал таъмирланди, 14 километрлик қувур реконструкция қилинди, 6 минг 685 дона табиий газ тақсимлаш қурилмаси тафтиш қилинди, 450 километр газ қувури босим остида тозаланди. Тошлоқ туманида "Қумариқ", "Хонариқ", "Заркент", "Ахшак" ва "Қуйи Яккатут" маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларга газ баллонлари тарқатилди, Қумариқ маҳалласида яшовчи Х.Эшонқулов ва О.Маруповалар оиласи газ плита билан таъминланди. Мазкур туманда 5 километрлик электр узатиш тармоғи тортиш учун 87 таянч (столба) олиб келинди ва Заркент маҳалласи ҳудудида ўрнатиш ишлари бошланди. 5 дона трансформатор пункти таъмирланди. Натижада 2 минг 400 дан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Шунингдек, Қува тумани Гулистон маҳалласи ҳудудида 2 километр ҳаво узатмаси мукаммал таъмирланди.

Сектор томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 285 кам таъминланган оилага, 46 нафар ногиронга амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 200 дан ортиқ уюшмаган ёш иш билан таъминланди. Мазкур ҳудудларда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиниб, зарур дори-дармонларни етказиб туриш ҳам йўлга қўйилган.

Айни пайтда сектор аъзоларининг эътиборида четда қолаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан яқинда Қува туманида кўплаб муаммолар мавжудлиги аниқланди. Саноатчилар маҳалласида истиқомат қилувчи 101 ёшли Зуҳро момо Қурбонова бир неча йилдан бери тўшакка михланган. Момо зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказилди ва доимий патронаж хизмати назоратига олинди. Унга Президент совғаси ва дори-дармонлар, ногиронлик аравачаси топширилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
8 585