ЎзА Ўзбек

09.08.2018 15:25 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида секторлар фаолияти қониқарлими?

Фарғона вилоятида секторлар фаолияти қониқарлими?
Фарғона вилоятида тўрт сектор раҳбарлари томонидан жорий йил биринчи ярмида 88 мингдан ортиқ муаммо ҳал этилган.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фуқароларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, аҳоли турмуши фаровонлигини юксалтириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни узил-кесил ҳал қилишга йўналтирилган ҳужжатлар ҳамда дастурларнинг, айниқса, қуйи бўғинда амалга оширилишини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Фарғонада ҳам вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар тизими, давлат солиқ инспекциясининг жойлардаги раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, уларни ўйлантираётган муаммолар юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрмоқда.

Ҳар бир туман ва шаҳар ихтисослашуви чуқур таҳлил қилинган ҳолда, вилоят ҳудуди 4 секторга бўлинган. Вилоят ҳокимига Қўштепа, Фарғона, Ёзёвон ва Сўх туманлари ҳамда Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, вилоят прокурорига Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара туманлари ва Қўқон шаҳри, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига Учкўприк, Бувайда, Бағдод, Риштон ва Олтиариқ туманлари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига Қува, Тошлоқ туманлари ва Қувасой шаҳри бириктирилган.

Вилоят бўйича ҳар бир сектор раҳбари бошчилигида 80 та ишчи гуруҳ тузилиб, унга юқоридаги идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат 2 минг 240 ходим жалб қилинган. Секторларнинг бундай структураси ҳар бир ҳудудда муаммоларни уйма-уй юриб ўрганишга имконият яратиши баробарида, уларнинг жойида ечим топиши ва тез фурсатда бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида тўрт сектор раҳбарлари ҳамда уларнинг ишчи гуруҳлари томонидан 1 минг 31 маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 598 мингдан ортиқ хонадон ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 111,3 минг муаммо аниқланиб, 88,4 мингтаси бартараф этилди. Қўшимча муддат ва маблағ талаб этиладиган 13 минг муаммо вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар “Йўл харитаси”га киритилди.

Сектор раҳбарлари ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш профилактик тадбирларини тегишли органлар, давлат бошқаруви идоралари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ўтказмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойида вилоят бўйича жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 минг 73 тага камайган. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар туфайли 354 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади.

Бу жараёнда, айниса, аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокими сектори бўйича 4 минг 550 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олиниб, уларнинг 4 минг 286 нафари ишга жойлаштирилди, 203 нафари касбга қайта ўқишга юборилди, 43 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. Шу билан бирга, 10 минг 792 фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, 3 миллиард 988 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди. Бириктирилган ҳудудлар бўйича 21 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, йўлланмалар асосида 1 минг 62 фуқаро иш ўрнига эга бўлди.

Эҳтиёжманд оилалар ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам секторларнинг асосий вазифаси сифатида белгиланган. Шу боис уйма-уй юриш орқали эҳтиёжманд оилалар муаммоларини аниқлаш, улар тўғрисидаги маълумотлар электрон базасини шакллантириш ва юритишга алоҳида эътибор қаратилиб, январь-июнь ойларида 14 минг 682 эҳтиёжманд оиланинг рўйхати шакллантирилди. Уларга 58,3 миллиард сўм ижтимоий нафақа тўланди, 429 тасининг уй-жойи таъмирлаб берилди. Ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг 668 нафарига ногиронлик аравачаси, 100 нафарига қўлтиқтаёқ, 109 нафарига эшитиш мосламаси олиб берилди.

Секторлар раҳбарлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, фермерларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятидаги сунъий тўсиқларни бартараф этишга ҳам доимий эътибор қаратаётир.

Албатта, секторлар фаолиятида айрим камчиликлар ҳам бор. Масалан, вилоят бўйича 8 та сектор штабида, жумладан, Фарғона тумани ҳокими ва солиқ инспекцияси секторларида штаблар фаолияти тўлақонли йўлга қўйилмаган. Ўрганишлар натижасида аниқландики, Ёзёвон, Бувайда ва Олтиариқ туманлари секторларида фуқаролар ва тадбиркорлар билан учрашувлар белгиланган жадвалга мувофиқ ташкил этилмаган. Айрим секторлар томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича иш тизимли йўлга қўйилмаган, “Йўл харитаси” номигагина тасдиқланган, секторлар фаолияти бўйича фуқаролар етарлича хабардор қилинмаган.

Халқнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифасидир. Зеро, бу мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишларни самарали ҳамда изчил рўёбга чиқаришга замин яратади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
7 918