Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 12:39 Чоп этиш версияси

Фарғона вилояти ҳокими туман ва шаҳарларда аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев туман ва шаҳарларда аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда.

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.

Мулоқот ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятини белгилайди. Кайфиятимиз, ҳаётдаги муваффақиятларимиз, ўзаро муносабатларимиз кўп жиҳатдан мулоқотга боғлиқ. Айниқса, давлат органлари раҳбарларининг халқ билан учрашиши, мулоқот қилиши, дарду ташвишларини тинглаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз таъкидлаганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.

Туман ва шаҳарларда бўлиб ўтаётган мулоқотларда аҳолининг мурожаатлари диққат билан тингланмоқда, ҳар томонлама эътиборга олиниб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Данғара туманида ўтказилган учрашувда уй-жой, тадбиркорлик, саломатликни тиклаш, моддий ёрдам олиш масалаларига тегишли бир қатор мурожаатлар билдирилди. Мазкур масалалар юзасидан тегишли тавсиялар берилиб, аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Илгари банк тизимида фаолият кўрсатган Наргиза Аҳмадалиеванинг масаласи ечимини топди. Гап шундаки, у 4 йилдан буён ишсиз экан. Қабулда мутасаддилар унинг мурожаатини беэътибор қолдиришмади. Н.Аҳмадалиева “Микрокредитбанк”нинг туман филиалида ўз ишини давом эттирадиган бўлди.

Бувайда туманида бўлиб ўтган мулоқотда фуқаро Дилафруз Солиеванинг мақсади амалга ошди. Туманда мактабгача ёшдаги болалар учун рус, инглиз, корейс тилларини ўргатувчи марказ ташкил қилишда унга жой масаласи муаммо бўлиб келаётган экан. Вилоят ҳокими томонидан унинг бу мақсади қўллаб-қувватланди ва марказ учун жой ажратиб берилди.

Ўтказилаётган учрашувлар халқ билан мулоқотнинг энг мақбул усули сифатида аҳолининг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг қалбига йўл топиш, дардига дармон бўлиш, юмушига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлса, юртимиз янада фаровон бўлиб бораверади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 744






Все о погоде - Pogoda.uz