ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳокимлари лавозимларига қайта тасдиқланди

Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳокимлари лавозимларига қайта тасдиқланди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг биринчи сессияси якунланди. Сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлигининг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, вилоят шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирок этди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича вилоят сайлов комиссияси раиси Э.Нуралиевнинг ахбороти тингланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низоми тасдиқланиб, доимий комиссиялари тузилди. Вилоят кенгашига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган 23 нафар, “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган 7 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган 13 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 11 нафар ва Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган 6 нафар депутатлардан иборат партия гуруҳлари тасдиқланди.

photo5251278237772917767.jpg

Сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тавсия этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О. Раматов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фарғона вилояти ҳокими лавозимига 2-Мирзо Улуғбек сайлов округидан сайланган депутат Ғаниев Шуҳрат Мадаминовичнинг номзодини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимномани ўқиб эшиттирди.

Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди.

Сессияда давлат раҳбари томонидан вилоят ҳокими лавозимига тавсия этилган Шуҳрат Ғаниев номзоди депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, бир овоздан Фарғона вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

1

***

Бугун мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг ҳам олтинчи чақириқ биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлиги гуруҳ раҳбарлари, котибият мудирлари, вилоят ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, туман ҳокимлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган сессияда қатор масалалар кўрилди.

Дастлаб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Жўраевнинг ахбороти тингланди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялари тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

bd2cac57d9512389a283c004429231640113.jpg

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Конституциямизнинг 98-моддаси, шунингдек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2- моддасига биноан вилоят ҳокимлигига номзод мамлакат Президенти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилди.

Сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А. Жўрабоев депутатларга давлатимиз раҳбари томонидан Навоий вилояти ҳокимлигига Қ.Турсунов номзоди тавсия этилганини, номзод бўйича партия гуруҳлари ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганини маълум қилди.

Депутатлар бир овоздан Турсунов Қобул Бекназарович номзодини қўллаб-қувватлаб, Навоий вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқладилар.

20 772
М.СУЛАЙМОНОВ, Н.РАҲИМОВ, ЎзА