Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 13:31 Чоп этиш версияси

Фарғона шаҳрида ҳарбийлар билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шарқий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Аскарларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини, маънавиятини янада юксалтиришга қаратилган бундай тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмда «Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!» шиори остида ўтказилган тадбирда муддатли ҳарбий хизматчилар, сержант ва офицерлар, шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямиз қудратини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар аскарларнинг жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Қуролли Кучларимиз сафларига жисмонан соғлом, маънан етук ёшлар жалб этилмоқда. Ёшларимиз орасида армияда хизмат қилишга қизиқиш ва интилиш кучайиб бораётир.

Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова ва бошқалар мамлакатимизнинг мудофаа қудратини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир миллий армиямиз шакллантирилганини алоҳида таъкидлади. Ватан ҳимоячиси бўлишдек олижаноб ишга ўзини бағишлаган, Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард, жасур ўғлонларни вояга етказган ота-оналарга миннатдорлик билдирилди.

– Бугун мамлакатимизда ҳар бир йигитнинг орзуси, аввало, эл-юртга садоқат билан хизмат қилишдир, – дейди капитан С.Камолов. – Мен ҳам юртимизнинг ана шундай бахтиёр фарзандлари қаторида эканимдан фахрланаман. Биз, ҳарбийлар давлатимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этамиз. Хизматда ҳам, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнимизга эгамиз. Байрам арафасида ўтказилаётган бундай тадбирлар эса бизга маънавий-руҳий мадад беради.

Тадбирда аскарлар, бадиий жамоалар, санъаткорлар томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди. Бир гуруҳ аскар ва сержантларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 516






Все о погоде - Pogoda.uz