ЎзА Ўзбек

08.01.2018 12:11 Чоп этиш версияси

Фарғона шаҳри бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг саф кўриги ҳамда веломарафон ташкил этилди

Фарғона шаҳри бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг саф кўриги ҳамда веломарафон ташкил этилди Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтган “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остидаги фестивалда 15 мингдан зиёд ёшлар, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида ҳамиша ҳушёр ва огоҳ Ватан ҳимоячилари борки, бизнинг кўнглимиз хотиржам, осмонимиз мусаффо. Аммо ватанпарварлик нафақат чегарада турган аскар ёки зобит, балки шу юртнинг фарзандиман, деган ёшу кекса – барчанинг бурчдир. Айни кунларда жойларда бўлиб ўтаётган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбирларида бу ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Фарғона вилоятида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Тадбир аввалида Фарғона шаҳри бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг саф кўриги ҳамда веломарафон ташкил этилди. Ҳарбийларнинг тантанали чиқишларини иштирокчилар олқишлар билан кузатди. Ғолиблар вилоят ҳокимлиги ва Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан тақдирланди.

9.jpg

– Фарғонада ўтаётган кунларим мен учун унутилмас бўлиб қолади, – дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Абдумалик Зоиров. – Юртимизнинг бахтиёр фарзандлари қаторида эканимдан фахрланаман. Аждодларимиз хоки ётган муқаддас заминимизни ташқи таҳдид ва хатарлардан қўриқлаш, бунёдкор халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш дунёдаги энг шарафли иш эканини ҳарбий хизмат даврида янада теран англадим. Жисмонан чиниқдим, маънан юксалдим, етарли билим ва кўникмага эга бўлдим. Келгуси ҳаётимни шу соҳа билан боғлаб, умримни Ватан ҳимоясига бағишламоқчиман.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимояси – муқаддас бурч эканини чуқур англаган бу йигитларнинг кўзларидаги ғайрат-шижоат, ишонч ва қатъият сизга ҳам юқади. Ватанпарварликка, юртнинг муносиб ҳимоячиси бўлишга интилиш йигитларимизни янада ўктам кўрсатмоқда. Аслида бу тарбия хонадонларимизда фарзанд туғилиши билан бошланади. Қадриятларимиз асосидаги ота-онага, Ватанга содиқ бўлиш шараф ва улкан масъулият экани уқтирилади. Айниқса, оила аъзоларидан бирининг ҳарбий хизматга бориши ва у ердан ҳарбийча либосда қайтиши яқинларнинг кўз ўнгида муҳим бир ҳақиқатни намоён этади. Яъни, армия сафларида бўлган йигит том маънодаги юрт ҳимоячиси ва халқнинг меҳрига лойиқ фарзанд. Унга ҳамма ҳавас билан қарайди, кичкинтойлар улардек бўлишни орзу қилади. Мана шу манзаранинг ўзидаёқ катта ибрат сабоғи мавжуд.

Фестиваль иштирокчилари бу хусусиятларни янада чуқур ҳис этдилар. Ҳарбий оркестр садолари остида саф тортиб ўтган Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув-спорт техника клуби ёшлари, спортнинг турли йўналишлари бўйича мамлакат ва халқаро миқёсда ғалабаларга эришган чемпион ўғил-қизлар, ҳарбий қисмлар зобитлари кириб келганида бутун майдон олқишларга тўлди. Тадбирда махсус ҳарбий бўлинма ва вилоят ички ишлар бошқармаси махсус отрядининг жанговар хатти-ҳаракатларини, ташқи таҳдидларга қарши курашчанлик руҳи акс этган чиқишларини иштирокчилар катта қизиқиш билан кузатдилар.

– Ўзбекистон каби тинчликсевар, ўз фарзандлари камолотига кенг йўл очиб, баланд парвозига қанот берадиган, энг улуғвор мақсадларини дилбанди тақдири билан боғлайдиган болапарвар юрт бормикин? – дейди Олтиариқ туманидан меҳнат фахрийси Машрабжон Розиқов. – Бугун ҳаёт-мамот масаласи бўлган Ватанни қўриқлаш, шу юртнинг чинакам ватанпарварларини тарбиялаш масаласи ҳар қачонгидан долзарб. Бу каби тадбирлар ана шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Тадбирда таниқли хонандалар, эстрада юлдузлари, рақс ансамбллари томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради, ранг-баранг рақслар ижро этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
12 759