ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Фарғона-Боткен: ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда

Фарғона-Боткен: ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда

Фарғона туманидаги қабуллар уйида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Боткен вилояти губернатори Акрам Мадумаров билан учрашди.

Бугунги кунда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани икки томон учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қисқа вақт ичида чегараолди вилоятлар ўртасида яхши қўшнилик алоқалари йўлга қўйилди. Хусусан, Фарғона ва Боткен вилоятлари истиқболли ва кенг кўламли ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегара ҳудудларида кўплаб муаммолар амалий ҳал этилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 октябрда қабул қилинган “Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинида туризмни ривожлантириш концепцияси асосида кўплаб ишлар амалга ошириш режалаштирилмоқда. Тадбирда ана шу борадаги ташкилий ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

– Шоҳимардонга бораётган меҳмон аввало Қадамжой туманига қадам қўяди, – дейди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Биламизки, бу заминда ҳам кўплаб тарихий ёдгорликлар, сўлим масканлар бор. Туризм соҳасини ривожлантиришда Шоҳимардон ва Қадамжой ҳамкорлигини йўлга қўйиш бугун заруриятга айланди.

Шунингдек, учрашувда маданий-маърифий ва иқтисодий соҳаларда ҳам дўстлик ва ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. 

894
М. СУЛАЙМООНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА