ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Фарҳод Умаров: " Истиқболли лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш зарур"

Фарҳод Умаров: " Истиқболли лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш зарур"

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров бошчилигида бир қатор мутасаддилар Бухоро шаҳридаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пахта йигирув ва тўқимачилик кластери “Merganteks” корхонаси негизида табиий ва кимёвий толалар аралашмасидан интеграциялаштирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариладиган енгил саноат комплексида бўлиб, амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳа билан танишди.

– Фабриканинг лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этади, – дейди сармоядор, “Merganteks” МЧЖ раҳбари Иброҳим Ҳамроев. – Унинг 10 миллион АҚШ доллари “Миллий банки” вилоят филиалининг кредит маблағи ҳисобидан. Мазкур лойиҳа доирасида Бухоро шаҳрида 750 кишилик меҳнат жамоасига эга “Нигора” МЧЖни ташкил этиб, йил якунига қадар ишлаб чиқаришни бошлаш ҳаракатидамиз. Иккинчи босқичда эса келгуси йилнинг иккинчи чорагида Қоракўл туманида яна битта линияни фойдаланишга топшириб, қўшимча 300 кишини иш билан таъминлаш мақсадидамиз.

Асосан эркаклар кийим-кечаги тикиб тайёрланадиган мазкур лойиҳанинг йиллик қуввати 35 миллион АҚШ долларига тенг. Шундан 10 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот чет элга экспорт қилинади.

photo_2020-09-16_13-03-15.jpg

Корхона Япониянинг “Juki” тикув дастгоҳлари, Германиянинг йигирув-тўқув ускуналари билан жиҳозланади.

Лойиҳа эгаси, инвестор яна бир ташаббусни илгари сурди. Унинг таъкидлашича, замонавий меҳмонхона қуриш кўзда тутилган. Албатта, бу муҳташам иншоот қурилиши ҳам ишлаб чиқариш корхоналари даромади ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 29-30-март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган тавсия ва топшириқларидан келиб чиққан ҳолда Бухоро шаҳрининг Жўйбор кўчаси, 162-уйда жойлашган собиқ Исмоил Фозилов номидаги трикотаж фабрикасининг бўш турган бино-иншоотлари 18 ой давомида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 750 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “Шофиркон Экваториал текс” МЧЖ ихтиёрига “ноль” харид қийматида берилди.

Мазкур корхона ўтган аср саксонинчи йилларида ишга туширилган. 2 мингга яқин кишини иш билан таъминлаган. Аммо бир пайтлар кечаю-кундуз тўхтамай ишлаган корхона мана йигирма йилдирки, инқирозга юз тутаётганди. Қарийб 4 гектар майдонни эгаллаган ҳудуд бутунлай хароба ҳолга келиб қолган эди.

– Эндиликда бу ерда “Ғайрат Чодак” бренди остида аёллар кийим-кечаги ва свитер-жемпер ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, – дейди корхона раҳбари Нодир Муродов. – Лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллион АҚШ долларига тенг. Ажратилаётган сармоянинг 6,5 миллион АҚШ доллари “Халқ банки” вилоят филиалига тегишли бўлиб, 3 миллион АҚШ доллари ўз маблағимиз ҳисобидан. Яқинда мукаммал реконструкция ишларига киришиладиган 4 қаватли муҳташам иншоотдаги қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини 2021 йилнинг иккинчи чорагида тўлиқ якунлаш ва корхонани фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Тўқув, бўёқ ва тикув фабрикаси келгуси йили шу кеча-кундузда 1 минг 350 кишини иш билан таъминлайди.

Шунда бу ерда йилига 900 минг дона аёллар жемпери ва 4 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бироқ ишлар энди бошланмоқда. Бугунги ҳолатда инвестор томонидан жами 650 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.

Ташкилий жиҳатдан унинг эгалари зиммасида қатор муаммоларни ҳал қилиш мажбурияти бор. Шу маънода вилоят раҳбари томонидан ҳудудда аввало коммуникация-муҳандислик тармоқларини нуқсонсиз қуриб битказиш, электр энергияси, табиий газ таъминоти ва оқова сув канализация тармоғини соз ҳолга келтириш, атрофни ободонлаштириш талаби қўйилди.

Вилоят раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар Бухоро туманида жойлашган “Бухоробалиқ” МЧЖда бўлди. У ердаги танг аҳвол билан танишиб, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Катта имкониятга эга корхонада айни кунда атиги 34 нафар ишчи-мутахассис фаолият юритмоқда. Имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётган корхона раҳбари қаттиқ танқид қилинди. Ҳар гектар сув ҳавзаси ва унда балиқчиликни йўлга қўйиш орқали айни пайтда камида 10 нафар киши иш билан таъминланиши, демак, шунча оиланинг моддий эҳтиёжи қопланиши мумкинлиги, маҳсулот ва даромад тушуми, солиқ ва бошқа манбалардан қарздорлик аҳволи батафсил муҳокама этилди. Ўз ўрнида янги лойиҳалар тақдимоти ўрганилди.

Умумий майдони 278 гектар бўлган корхонанинг 175 гектаридаги сув ҳавзасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун хорижий технология, илғор тажрибани олиб кириш, балиқчилик билан шуғулланмоқчи бўлган хўжаликлар сонини кўпайтириш, чет эл инвестициясини жалб қилган ҳолда бутунлай янгича иш механизмини йўлга қўйиш тақозо этилади.

photo_2020-09-16_13-03-14.jpg

Таъкидланишича, балиқчиликда катта тажрибага эга Таиланд давлатининг “RAS Tailand” ҳамда “Eco Aqua Culture”, Германиянинг “Water Provide GmBG”, Латвия республикасининг “Akwa Ferma” каби компаниялари биз билан ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик қилишга қизиқиши борлигини айтган. Амалий саъй-ҳаракатга келсак, таиландлик ишбилармонлар “Бухоробалиқ” МЧЖ даги имкониятларни юқори баҳолаб, бир йилда 20 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш истагини билдирган. Ҳозирда улар томонидан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиб, аквапоника ва ёпиқ сув ҳавзалари тайёрланмоқда.

Лойиҳага асосан, келгуси йилда 11 тоннадан ортиқ балиқ етиштириш, умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспортини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳавзада лаққа, пангасус, форель, треска, туна, окунь, лобстер, катла сазани, дўнгпешона, оқ креветка каби 23 турдаги балиқ етиштириш мўлжалланган. Алоҳида 8 гектар ер майдони балиқ еми – юқори калорияли озуқаси учун ажратилмоқда. Ҳозирда Таиланддан мутахассислар келиши кутилмоқда. Улар кўмагида етиштириладиган балиқдан ташқари, 30 га яқин турдаги балиқ маҳсулотлари, чунончи, балиқ ёғи, треска жигар ёғи, қуритилган креветка, балиқ филеси ва котлети, хушхўр икра ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Вилоят ҳокими истиқболли деб топилган лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш, корхонада ишга бўлган муносабатни тубдан яхшилаш, шу қаторда бугун инқироз ёқасига келиб қолган “Оғитма” табиий сув ҳавзасидаги муаммоларни тез фурсатда бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш зарурлигини уқтирди.



1 328
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА