ЎзА Ўзбек

31.08.2016 18:12 Чоп этиш версияси

Фарҳод шаҳарчасида янги истироҳат боғи барпо этилди

Фарҳод шаҳарчасида янги истироҳат боғи барпо этилди Самарқанд шаҳрида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан маданий-маиший иншоотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди.

Фарҳод шаҳарчасидаги “Зарафшон” истироҳат боғи, деҳқон бозори, аҳоли дам олиш ва маданият маркази ана шундай янги объектлар сифатида байрам совғаси бўлди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига қаратилгани ва бу юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Халқимиз учун муносиб турмуш ва дам олиш шароитини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида шаҳару қишлоқларимизда замонавий маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш марказлари бунёд этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятидаги ўнга яқин боғда капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бир ярим гектар майдонда барпо этилган “Зарафшон” истироҳат боғи ушбу ишларнинг узвий давоми сифатида Фарҳод шаҳарчаси аҳолисининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият яратди. Боғда ўндан ортиқ замонавий аттракцион ўрнатилди, рангли фаввора бунёд этилди. Шунингдек, ҳудудда сунъий қопламали мини футбол майдони, болалар чўмилиш ҳавзаси, яхна ичимлик ва музқаймоқ павильонлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлади.

– Уйимиз ёнида шундай замонавий боғ барпо этилгани ва бу ерда оила аъзоларимиз билан мириқиб дам олиш имкониятига эга бўлганимиздан хурсандмиз, – дейди Бунёд маҳалласида яшовчи Наргиза Аҳмедова. – Ушбу мажмуа ва унга туташ ҳудудларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари шаҳарчамиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Энг улуғ, энг азиз байрамимизни обод масканларда нишонлаётганимиздан бахтиёрмиз.

Шаҳарчадаги бунёдкорлик ишлари жараёнида 1,5 километрлик йўл таъмирланди, кўп қаватли уйлар атрофи ободонлаштирилиб, пиёдалар йўлаклари барпо этилди. 64 савдо растаси ва 7 савдо дўконидан иборат “Фарҳод деҳқон бозори” янгидан қурилди. Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида 6-Фарҳод маданият ва аҳоли дам олиш маркази мукаммал таъмирланиб, 250 ўринли концерт зали бунёд этилди.

Янги иншоотларнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
6 952