Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:26 Чоп этиш версияси

Фаолиятнинг устувор йўналиши

Жиззахда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси – фаолиятимиз дастури” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани таъкидланди.

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш соҳасидаги ислоҳотлар халқимиз ҳаётини янада яхшилашга қаратилган эзгу мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.

– Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишларида кўзда тутилган мақсад-вазифалар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Мамажонов. – Юртимизнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган инсон, ҳар бир фуқаро олий мақсадлар кўзланган Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлмоғи лозим. Бу партиямизнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаси зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудудда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиши, шунингдек, аҳоли билан мулоқот ўтказиш, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этиши зарурлигига эътибор қаратилди. Партиянинг барча даражадаги бирлашмалари, маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 456






Все о погоде - Pogoda.uz