Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 17:07 Чоп этиш версияси

Фаолиятга нима тўсқинлик қилмоқда?

Фаолиятга нима тўсқинлик қилмоқда? Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг илк йиғилишида шу ҳақда маълумот берилди.

Унда мазкур маслаҳат кенгаши аъзолари, депутатлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини, ижтимоий фаоллигини ошириш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.

ННТлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилган.

Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 9 минг 400 дан зиёд ННТ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда ўз ўрнига эга.

Ўз навбатида, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор муаммо, камчиликлар мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони келгусида юртимизнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Маслаҳат кенгаши йиғилишида фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш даражасининг пастлиги таъкидланди.

Тадбирда мамлакатни иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғояларини таклиф қиладиган фаол нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда сусткашликка йўл қўйилаётгани айтилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-техника таъминоти қониқарсиз ҳолатда. Турли сунъий тўсиқ ва ғовлар ўрта, узоқ муддатли, кенг кўламли лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти.

Бу каби муаммолар таҳлил этилган йиғилишда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий модели, шу асосда ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишлар бўйича ҳолатни яхшилаш юзасидан таклифлар берилди. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишга оид тавсиялар ишлаб чиқилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА