Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 21:43 Чоп этиш версияси

Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” оромгоҳида фаол ёшлар маҳорат оширди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ҳаракатдаги ёшлар” форуми бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган форумда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий кенгашлари раислари ўринбосарлари, тизимдаги матбуот хизмати мутахассислари, ёш репортёрлар, “Ёшлар – сиёсат билимдони” клублари координаторлари, тажрибали журналистлар, тегишли соҳалар бўйича мутахассислар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун яратилаётган шароитлар юксак самаралар бераётир. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб эркин ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш, демократик қадриятларни ёшлар онгига чуқур сингдириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг юксак самараларини бераётгани, истиқболда бу йўлда ёшлар фаолиятини янада жонлантириш муҳим экани қайд этилди.

– Уч кун давом этган форум доирасида ёш журналистлар учун медиа-тренинг ҳамда “Ёшлар – сиёсат билимдони” клуби координаторлари учун ўқув оромгоҳи ташкил этилди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ижтимоий-ҳуқуқий лойиҳалар бўлими мудири Илёс Раҳимов. – Ҳаракатнинг ҳудудий кенгашлари раислари ўринбосарлари, тизимдаги матбуот хизмати мутахассислари, ёш репортёрлар ҳамда “Ёшлар – сиёсат билимдони” клублари координаторлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган форумда 160 иштирокчи қатнашаётгани форум кўлами кенгаяётганини кўрсатади.

Медиа-тренингда ёш журналистларга матбуот хизмати мутахассисларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ёшларга оид масалаларни ёритиш бўйича тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштиришга мўлжалланган медиа лойиҳаларни ишлаб чиқиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар тарғиботида нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.

“Ёшлар – сиёсат билимдони” клуби координаторлари ўқув оромгоҳи маҳорат дарсларида эса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги имижини яратиш масалалари, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати, тақдимот ўтказиш ва аудитория билан ишлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди.

– Форум доирасида ташкил этилган машғулотларда билимимизни янада бойитдик, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари С.Мусулмонов. –Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини олис қишлоқларда, чекка ҳудудларда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлигини ўзим учун белгилаб олдим.

Форум иштирокчиларига сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
1 087






Все о погоде - Pogoda.uz