ЎзА Ўзбек

08.08.2018 17:52 Чоп этиш версияси

Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида

Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида
Термизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” республика ижодий танлови тақдимоти ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб “Ватаним – обод қўрғоним” мавзуида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, ёзувчи-шоирлар, журналистлар, ёшлар иштирок этди.

ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А.Рўзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Олламуродов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Н.Тўраев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янги босқичда ривожлантириш, инновацион ғояларни кенг жорий этиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик қобилияти, ғоя ва ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

– Фаол тадбиркор ва фермерлар нафақат мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам етакчи кучга айланмоқда, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши масъул ходими Ў.Олтибоев. – Мазкур танлов ҳам уларнинг ёрқин сиймосини яратиш, жамиятимизда тутган ўрнини бадиий ифодалаш, одамлар, айниқса, ёшлар ўртасида фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, ишбилармонларнинг инновацион ғояларини кенг тарғиб қилиш, тадбиркор ва фермерларни маънан қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишларга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда. Бу юртимиздаги кичик бизнес вакилларини, ёш тадбиркорларни руҳлантириб, ишбилармонлар сафи янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

Очиқ мулоқотда “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурининг мазмун-моҳияти, жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар бандлигини таъминлашдаги аҳамияти, “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” республика ижодий танловининг асосий йўналишлари, ўтказиш тартиби, муддати, иштирок этиш шартлари, ғолиблар ва фаол қатнашчиларни рағбатлантириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
8 755