ЎзА Ўзбек

15.07.2019 Чоп этиш версияси

ЎФАнинг янги раҳбари келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши кескин курашишини маълум қилди

ЎФАнинг янги раҳбари келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши кескин курашишини маълум қилди

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда кўрилган энг муҳим масала – ташкилотга янги раҳбар сайлангани бўлди.

Шу кунгача ЎФА президенти вазифасида ишлаб келган Ачилбай Раматов ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимини топширди. Унинг ўрнига айни пайтда ДХХ раиси сифатида ишлаб келаётган Абдусалом Азизов сайланди. Мамлакат футболининг янги раҳбари ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Аввало менга билдирилган бундай ишончингиз ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти лавозимига лойиқ кўрганингиз учун миннатдорлик билдираман, - деди тадбирда сўзга чиққан Абдусалом Азизов. – Юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Шу кунгача жамоаларимиз Осиё минтақасида анча юқори натижалар кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилиб келишди. 

Лекин, тан олиш керак ҳали футболимизда қилинадиган ишлар кўп. Бу ишларни амалга оширишда футбол тизимида малакали, ҳалол, футбол соҳасининг ҳақиқий мутахассислари фаолият олиб бориши муҳим. Биргаликда футболимиз инфратузилмасини янада ривожлантириш, футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар, мухлисларга яратиладиган шароитлар ва яна кўплаб масалаларга эътибор қаратиб, якунда натижаларимизни яхшилаб боришга интилишимиз керак. Яхши биласиз, футболни ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳа ривожига қаратилган бир қанча муҳим қарорлар қабул қилинган. Уларни ҳаётга тадбиқ этиш эса сиз-у бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Олдимизда турган асосий вазифалардан бири – бу ички чемпионатимизни кучайтириш, мухлисларни яна стадионларга қайтариш, клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш. Ўзбек футболини орқага тортаётган иллат – келишилган ўйинлар ва тотализаторда иштирок этиш каби ҳолатларга қарши кескин курашамиз. 

Охирги йилларда мусобақа регламенти мунтазам равишда бузиб келинганидан хаттоки халқаро футбол ташкилотларининг ҳам хабари бор. Бундан буёғига биз спорт принципларини устувор деб билиб, регламентни ҳурмат қилишимиз шарт! Биз нафақат футболимизнинг бугунги куни, балки эртаси ҳакида ҳам ҳозирдан бош қотиришимиз керак.

Бунинг учун болалар ва ўсмирлар футболидаги вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар орқали фарзандларимизга керакли барча шароитларни яратиб беришимиз лозим. Барчамиз яхши тушуниб турибмиз, мухлис халқи биздан яхши натижалар, давомли ғалабалар ва азалий орзулари бўлмиш жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритилишини кутишмоқда. Бундан ташқари олимпия терма жамоамиз ҳам Токио олимпиадасига лицензияни қўлга киритишга интилади. 

Бу жамоалар мамлакатимиз футболининг юзи, уларнинг халқаро майдондаги иштирокига барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Ишонаманки, ана шу ишларни амалга ошириш йўлида барчамиз бирлашиб, аҳил футбол оиласи бўлиб хизмат қилсак, албатта мақсадимизга эришамиз.

5 323
ЎзА