ЎзА Ўзбек

19.02.2018 16:05 Чоп этиш версияси

Фанга номаълум ўсимлик турини кашф этган академик

Фанга номаълум ўсимлик турини кашф этган академик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев Наманган вилоятидаги ўқув муассасаларида ўқувчи ва талабалар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Наманган давлат университети, ушбу олий ўқув юрти қошидаги академик лицей ва Наманган шаҳридаги 57-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида туғилиб ўсган ёш академик билан учрушувлар ёшларнинг ҳавас ва ҳаяжонга йўғрилган кўтаринки кайфияти билан самимий ва мазмунли ўтди. 

6.jpg

Талаба ва ўқувчилар томонидан берилаётган кўплаб саволларга жавобан академик ўзининг ўқувчилик, талабалик йиллари, кейинги ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўзлаб берар экан, бу ёшлар учун синфдан ташқари дарс сифатида катта тарбиявий аҳамият касб этди.

– Инсоннинг жамиятда тутадиган ўрни, ҳаёт йўлининг қай даражада равон бўлиши кўп ҳолларда у туғилиб ўсган оилада берилган тарбия ва мактаб йилларида олинган таълимга боғлиқ, – деди академик. – Айни шу даврда қўйилган тамал тоши келгусидаги ютуқларга асос бўлиб хизмат қилади. Ёшлигимдан атрофдаги воқеа ва ҳодисаларнинг туб маъносини билиш, уларга нистабан ўз фикрим бўлишига ҳаракат қилардим. Бунда, аввало, оиладаги тарбия, ота-онамнинг менга бўлган муносабати, кўпроқ китоб ўқишим, билим олишим учун яратиб берган шароити муҳим аҳамият касб этган. Улғайганим сари оиламиздаги ички муҳит менда биология, хусусан, ўсимликлар тўғрисидаги фанларга қизиқишимни оширди ва шу йўналишда илмнинг юқори чўққилари сари бошлади. Илмда ва ҳаётдаги биринчи устозим, отам Шарофиддин Тожибоевнинг бу ҳаракатлари биология фанлари доктори илмий даражасини, профессор ва академик унвонларини олишимда асосий омил бўлди.

Талабалик йиллари ботаника фанига бўлган қизиқиш илмий лаёқатни шакллантиришга ёрдам берди. Бу даврда олган билимларим менга ҳозир ўзим раҳбарлик қилаётган ЎзФА Ботаника институти қошидаги аспирантурага киришимга ва уни 2002 йили фан номзоди диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиш билан тамомлашимга ёрдам берди. Аспирантурада ўқиш ва институтда кичик илмий ходим бўлиб ишлаш давомида фаннинг сермашаққат қирралари билан танишдим. Давримизнинг йирик ботаник олимлари билан биргаликда фаолият олиб бордим.

Фан номзоди илмий даражасини олганимдан сўнг бутун эътиборим Ўзбекистонда флористика фанини ривожлантириш, унинг методологик асосларини такомиллаштириш, устозлар анъаналарини давом эттирган ҳолда фанга янги йўналишлар олиб киришга қаратилди. Айнан 2002-2010 йилларда жаҳон ботаника фани даражасидаги дастлабки йирик натижаларга эриша бошладик. Жумладан, 2009 йилда Наманган вилоятининг Чоркесар ва Чодак қишлоқлари атрофида олиб борилаётган дала тадқиқотлари давомида Қурама тизмасининг баландтоғ минтақасида ҳали фанга номаълум бўлган ўсимлик турини кашф этдим. Бу соябонгулдошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, унга кейинчалик бурмақорабаргли қурама соябонгули (Kuramosciadum corydalifolium) номи берилди. Бу борадаги тадқиқотлар Москва давлат университети профессори М.Г.Пименов ва биология фанлари номзоди Е.В.Клюйковлар билан ҳамкорликда олиб борилди ва 2011 йилда илмий изланишларимиз ҳақида АҚШдаги нуфузли «Systematic Botany» журналида мақола чоп этилди.

Бу кашфиёт ўзининг аҳамиятига кўра, Ўзбекистонда охирги бир аср давомидаги учта йирик илмий янгиликнинг бири ҳисобланади. 2009-2017 йиллар шу сингари илмий ботаник кашфиётларга бой бўлди. Дала тадқиқотлари давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудидан шу вақтгача фанга номаълум бўлган ёввойи лола (Tulipa L.), пиёз (Allium L.), гулсафсар (Iris L.) туркумларига мансуб ўсимлик турлари кашф этилди. Ҳозир мен раҳбарлик қилаётган ботаник олимлар гуруҳи томонидан фан учун янги бўлган 40 дан ортиқ ўсимлик тури кашф этилди. Эътиборлиси, уларнинг аксарият қисми табиий ландшафтлар майдони камлиги билан Ўрта Осиёда ажралиб турадиган Фарғона водийси, хусусан, Наманган вилояти адирлари, тоғли минтақаларидан топилган.

Ботаника институтида лаборатория мудири ва кейинчалик институт директори лавозимида олиб борган фаолиятим ўзим тадқиқ қилаётган фан соҳасини ривожлантириш баробарида ўз мактабимни яратиш, уни дунё олимлари танийдиган ва тан оладиган мактаблардан бири сифатида шакллантиришга қаратилган фаолият бўлди. Қисқа вақт ичида юртимизнинг барча вилоятларини қамраб оладиган ботаник олимлар жамоаси шакллантирилди.

Мазкур жамоанинг илмий тадқиқотлари самараси сифатида бир қатор йирик илмий-амалий муаммолар, хусусан, Ўзбекистонни ботаник-географик районлаштириш, ўсимликлар хилма-хиллигининг электрон маълумотлар базасини яратиш, мамлакатимизнинг флористик жиҳатдан кам ўрганилган минтақалари ўсимликлар таркибини тузиш, давлат кадастри юритиш, мониторинг кузатувлари ташкил этиш, Ўзбекистон флорасининг янги нашрини тайёрлаш каби фундаментал ва амалий аҳамиятга эга муаммолар ҳал этилмоқда.

Бу самарали илмий-тадқиқот фаолияти Фанлар академияси Ботаника институтининг Марказий Осиёда кўзга кўринган илмий-тадқиқот муассасаси сифатида тан олиниши ва унинг халқаро обрўси ошишига катта ҳисса қўшди. Бунинг яққол мисоли сифатида 2017 йил Хитой Халқ Республикасининг Шэнжэн шаҳрида бўлиб ўтган XIX Бутунжаҳон Ботаника конгрессига Ўзбекистон делегацияси биринчи марта таклиф этилди ва ушбу йирик анжуман доирасида бир қатор ўзаро фойдали келишувлар имзоланди.

2017 йил Фанлар академияси, хусусан, унинг таркибий қисми ҳисобланган Ботаника институти учун ҳам туб бурилиш йили бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътиборлари билан илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Айнан шу йил Фанлар академиясида 22 йиллик узилишдан сўнг Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) тайинлангани билан ҳам тарихда қолади. Ўтган йилнинг 29 декабрида Президентимиз қарори билан тасдиқланган ва энг юқори даражадаги илмий унвон – академик сифатида тайинланган 32 нафар олим қаторидан мен ҳам жой олганимдан фахрланаман. Ҳар бир илм аҳлининг орзуси бўлган бу унвон юксак шараф бўлиш билан бирга, улкан масъулият ҳам юклайди. Бу ўзбекистонлик ботаник олимлар меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиб, илм-фан тараққиёти ва соҳа билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш борасидаги тадқиқотларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш, мамлакатимиз нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
14 240