ЎзА Ўзбек

30.05.2016 13:28 Чоп этиш версияси

Фан ютуқлари ва саломатлик

Экологик, тиббий-ижтимоий омиллар натижасида аллергик ва нафас йўллари касалликлари кўпаяётгани ушбу муаммога қарши кураш ишларини янада кучайтиришни талаб этаётир.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган аллергологиянинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуманда шу ҳақда сўз борди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика илмий ихтисослашган аллергология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олимлар, аллерголог, педиатр, пульмонолог, дерматолог ва умумий амалиёт шифокорлари иштирок этди.

Республика илмий ихтисослашган аллергология маркази директори О.Назаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини юксалтириш, амалиётга жаҳон тиббиётининг илғор услубларини жорий этиш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда аҳолига аллергология хизмати кўрсатишнинг замонавий тизими яратилган. Бирламчи тиббий-санитария муассасалари умумий амалиёт врачлари бу йўналишда жаҳон андозалалари даражасида тиббий-профилактика ёрдами кўратмоқда.

Республика илмий ихтисослашган аллергология марказида йилига ўн мингга яқин аҳолига тиббий-маслаҳат ва даволаш ёрдами кўрсатилмоқда. Аллергология хизматида жаҳон тиббиётининг илғор услублари жорий этилгани касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш имкониятини кенгайтираётир. Тиббий-профилактика ишлари сифатини ошириш мақсадида бир қатор тиббиёт муассасаларида «Астма» ва «Аллергия» мактаблари ташкил этилган.

Илмий-амалий анжуманда илм-фан ва тиббиёт тизимида эришилаётган ана шундай муҳим янгиликлар, профилактика, тиббий ташхис ва даволаш ишларида қўлланилаётган янги воситалар, замонавий технологияларга бағишланган маърузалар тингланди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
44 238