ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Фан олами инсон генини клонлаштиришга қарши

Фан олами инсон генини клонлаштиришга қарши

Хитой Фанлар академияси инсон генини клонлаштиришга қатъиян қарши. 

Хитой Фанлар Академияси президенти Бай Чунли РИА Новостига берган интервьюсида шу ҳақда маълум қилган. 

“Бизда мия соҳасида маълум тадқиқотлар бор, аммо Шеньчже институтида яқинда содир бўлган ҳодиса, яъни олимлардан бири чақалоқлар генига ўзгартириш киритганига тўхталадиган бўлсак, Хитой Фанлар академияси бунга дарҳол қатъий қаршилик билдирди. Бундан ташқари, биз Америка фанлар академияси президенти билан Science журналида эълон қилган мақоламизда инсон ирсий ҳужайраларини ўзгартиришга қарши эканимизни айтиб ўтганмиз”, деган Бай Чунли. 

Хитой ФА президенти фанда клонлаш технологиясига оид консенсус мавжудлиги, касаллик генларини таҳрирлашда клонлаш технологиясидан фойдаланиш мумкинлиги, аммо инсоннинг репродуктив тизимидан фойдаланиш мутлақо номақбуллигини таъкидлаб ўтган. Бай Чунлининг қайд этишича, Хитой аллақачон аҳлоқ қўмитасини ташкил қилган ва Хитой ФАда ҳам клонлаш технологиясини қатъий назорат қиладиган аҳлоқ қўмитаси фаолият кўрсатмоқда. 

“Бу аҳлоқий муаммолар ва юзага келиши мумкин бўлган хавфларга тегишлидир. Ушбу муаммоларни назорат қилиш учун қатор воситалар мавжуд”, дея қўшимча қилган Хитой ФА президенти. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил ноябрь ойида хитойлик олим Хе Цзенькуй инсоният тарихида илк бор эмбрион ДНКсини ўзгартиришга эришгани ҳақида баёнот берган эди. Олим репродуктив муолажа вақтида бир нечта эмбрионга ирсий ўзгартириш киритган бўлган. Тажриба фақат бир ҳомилада натижа бериб, ноябрь ойида қиз эгизаклар ДНК ўзгариши билан дунёга келган. 

Хе Цзенькуй ўз баёнотида мазкур тадқиқотдан мақсад наслий касалликларни даволаш ёки олдини олиш эмас, балки оддий инсонларда ОИВни юқтириб олиш ва ОИТСга қарши курашиш қобилиятини шакллантириш эканини таъкидлаган эди. 

2 447
ЎзА