Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2017 17:22 Чоп этиш версияси

Хоразмда 2,5 мингдан ортиқ хонадон ёнғин профилактикаси кўригидан ўтказилди

Хоразм вилоятидаги “Жанубгазқурилиш” акциядорлик жамиятида чоршанба – ёнғинлар профилактикаси куни муносабати билан давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимизда ёнғин билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, инсон ҳаёти ва унинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Кўп йиллик меҳнат эвазига келган мол-мулкнинг ёниб кул бўлиши учун биргина эътиборсизликнинг ўзи кифоя. Буни ҳамма билади, лекин... Идора ва ташкилотларда сақланаётган ҳужжатлар нафақат давлатнинг, балки ўша идора ва унинг ходимлари, фуқароларнинг ҳам тақдирига дахлдор бўлиши мумкин. Шундай бўлишига қарамасдан, айрим инсонларнинг биргина эътиборсизлиги туфайли ёнғин билан боғлиқ турли нохуш ҳодисалар содир бўлмоқда.

– Ёнғинлар профилактикаси куни мутахассислар томонидан жойларда ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, ёнғин содир бўлгандан кейин эмас, балки унинг олдини олиш чоралари ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда, – дейди Хоразм вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Р.Эшниёзов. – Июль ойида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 498 ана шундай тарғибот тадбирлари, 2 минг 500 дан ортиқ хонадонда текшириш ишлари ўтказилди.

Тадбирда жорий йилнинг 7 ойида вилоятда содир бўлган ёнғин билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берилди. Соҳа ходимлари томонидан фавқулодда вазиятларда эвакуация жараёни ва ҳаракат қилиш тартиби намойиш этилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
4 514






Все о погоде - Pogoda.uz