Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 18:12 Чоп этиш версияси

Фахрийларни эъзозлаган кам бўлмайди

Фахрийларни эъзозлаган кам бўлмайди Фарғона вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификат тантанали равишда топширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бу йилги байрам “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётганида чуқур маъно мужассам. Зеро, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ота-боболаримиз жанг майдонларида бемисл жасорат кўрсатиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жонларини қурбон қилган. Фронт ортида меҳнат қилганлар фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган. Уларнинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги бурчни муқаддас билгани бугунги авлод учун ҳам намуна бўлиб, ғоят оғир шароитларда кўрсатган матонати ҳамиша эъзозга муносиб.

Байрам арафасида Фарғона вилоятида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг хонадонларида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, кўнгилларини кўтариб, уй юмушларига кўмаклашмоқда. Уй-жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш, ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратиш, навбатсиз ҳаж сафарига юбориш каби эзгу ишлардан фахрийларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда.

Фарғона шаҳар Ифтихор маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ашир ота Дадажонов хонадони бугун ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Вилоят ҳокимлиги, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари отахонга Президентимиз қарорига асосан имтиёзли сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширди.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Т.Холдоров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини улуғлаш, жанглардан омон қайтган ва бугун орамизда бўлганлар, фронт ортида меҳнат қилганларга эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бундай ғамхўрлик уларнинг умрига умр қўшмоқда.

94 ёшни қарши олган Ашир ота урушдан қайтгач, темир йўлда, кейинчалик қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилди. 6 фарзандни тарбиялаб, камолга етказди. Бугун невара, эвараю чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Табаррук отахон мустақиллик, тинчлик ва осойишталик халқимизнинг бебаҳо бойлиги экани, унинг қадрига етиш зарурлигини таъкидлади, юртимизга тинчлик-омонлик тилаб, дуо қилди.

– Бундай эътибордан жуда хурсандмиз, – дейди Ашир ота. – Худо хоҳласа, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган машинада бир шаҳарни айланиш ниятим бор. Президентимизга минг раҳмат. Байрам олдидан совға-саломлар беришди. Илоҳим, бизга эҳтиром кўрсатган инсонларнинг ўзлари ҳам улуғ ёшларга етиб, доимо эл-юрт ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.

Симтепа маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Акбаржон ота Асқаров ҳамда унинг оила аъзолари ҳам юксак эътибор учун Президентимиздан миннатдор бўлди. Бутун умр эл-юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган бундай нуронийлар барчамизнинг фахримиз. Акбаржон отага ҳам сертификат ва совға-саломлар тантанали равишда топширилди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 552






Все о погоде - Pogoda.uz