ЎзА Ўзбек

01.09.2016 12:13 Чоп этиш версияси

Офицер ва курсантлар фахрийларни қутлади

Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги арафасида меҳнат жамоалари вакиллари, маҳалла фаоллари Ватанимиз тараққиёти ва мудофаа қудратини юксалтиришга ҳисса қўшган фахрийлар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар хонадонида бўлиб, байрам билан табрикламоқда, совға-салом улашмоқда.

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг бир гуруҳ офицер ва курсантлари фахрий Фарҳод Ҳамроевнинг хонадонида бўлиб, энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади.

Президентимиз ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ташкил этилган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг биринчи ўқитувчиларидан бўлган Ф.Ҳамроев мамлакатимиз Қуролли Кучларини етук ҳарбий мутахассислар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшган. Билим юрти ўқув бўлими бошлиғи ва авиация жиҳозлари кафедраси мудири вазифаларида самарали фаолият кўрсатган педагог давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ 2000 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган. Бугунги кунда нафақада бўлса-да, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишида фаол иштирок этиб келмоқда.

– Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги Президентимиз раҳнамолигида эришилган улкан ютуқ ва марраларимиз, мамлакатимиз мудофаа қудратининг юксалишини намойиш этадиган қутлуғ байрамдир, – дейди Ф.Ҳамроев. – Мен Ватан ҳимоячисидек шарафли касб эгаларини тарбиялашга ҳисса қўшганимдан фахрланаман.

Билим юрти жамоаси вакиллари жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлган хизматдошлари подполковник Самандар Кенжаевнинг оиласида ҳам бўлиб, совғалар топширди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 344