Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 16:15 Чоп этиш версияси

Эъзоз ва эътибордан нурафшон диллар

Эъзоз ва эътибордан нурафшон диллар 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан учрашувлар, мулоқотлар ўтказилмоқда.

Хоразм вилоятида ҳам бундай тадбирлар юксак савияда ташкил этилмоқда. "Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик", "Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият" шиорлари остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбир ва учрашувларда нуронийлар ёшларга бугунги тинч ва фаровон кунларнинг қадрига етиш, мустақилликни мустаҳкамлаш ва уни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтирмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига пул мукофоти ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификат ва эсдалик совғалари топширилмоқда.

Хоразм вилоятида 85 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 2 минг 700 дан ортиқ фронт орти меҳнат фахрийси истиқомат қилмоқда.

Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшовчи Шарифбой ота Абдуллаев 95 ёшда. Байрам арафасида вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, “Хоразм автотеххизмат диллер” корхонаси вакиллари отахоннинг уйига келиб, Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофотини топширди. Шу куни махсус сертификат асосида олинган “Дамас” автомашинаси калити ҳам берилди. Отахон ва оила аъзоларининг қувончи чексиз.

– Давлатимиз томонидан биз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турмуш шароити, саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Шарифбой ота. – Соғлиғим яхши, ҳурмат-эътиборда яшамоқдаман. Президентимизнинг биз, кексаларга кўрсатаётган ғамхўрлигидан мамнун бўлдим. Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.

Мамлакатимизда кексаларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА
3 784






Все о погоде - Pogoda.uz