Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 12:48 Чоп этиш версияси

Эъзоз ва эҳтиромдан мамнун кўнгиллар

Эъзоз ва эҳтиромдан мамнун кўнгиллар Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Йўлдош ота Тажимуратов “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий "Damas" автомашинасини навбатсиз сотиб олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Амударё тумани ҳокимлиги, мудофаа ишлари, “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари вакиллари Йўлдош ота хонадонида бўлиб, унга Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофоти ва махсус сертификат асосида сотиб олинган автомашина калитини топширди.

Йўлдош ота кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимиз ва саховатпеша инсонларга миннатдорлик билдирди.

– Урушга 1942 йили кетдим, – дейди Йўлдош ота. – Иккинчи Украина фронтида жанг қилдим. 1944 йили оёғимдан оғир жароҳатланиб, госпиталда узоқ даволандим. 1946 йили қишлоғимга қайтдим. Инсоният бошига оғир кулфат келтирган урушнинг номи ўчсин. Бизлар кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин. Бугунги дориломон замоннинг қадрига етиб, озод ва обод Ватанимизда яшаётган ёшларга ҳавасим келади. Улар учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Йўлдош ота урушдан қайтгач, Хива шаҳридаги педагоглар тайёрлаш билим юртида таҳсил олиб, узоқ йиллар ёшларга устозлик қилди. Турмуш ўртоғи билан 4 ўғил, 3 қизни тарбиялаб камолга етказди. Унинг кўксини урушда кўрсатган жасорати учун берилган мукофотлар қаторида "Жасорат", “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” юбилей медаллари безаб турибди.

– Бу мен учун жуда қадрли мукофот, – дейди отахон ғурурланиб. – Буюк Ғалабанинг 72 йиллиги байрамига ҳам соғ-омон етаётганимдан хурсандман. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Яратганга шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
4 666






Все о погоде - Pogoda.uz