Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 18:33 Чоп этиш версияси

Эъзоз-эҳтиромдан нурафшон диллар

Эъзоз-эҳтиромдан нурафшон диллар Тошкент шаҳрида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида Сурхондарё вилоятидан ҳам бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари иштирок этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватланмоқда.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, вилоятда 110 дан ортиқ уруш фахрийларига Президентимиз номидан 2 миллион сўмдан пул мукофоти, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллардан навбатсиз харид қилиш ва биринчи, иккинчи техник хизматни бепул кўрсатиш бўйича муддатли сертификатлар топширилди. Бойсун туманида 10, Шўрчи туманида 2, Олтинсой ва Шеробод туманларининг ҳар бирида 1 нафардан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг уйида таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. 2 нафар уруш фахрийсига замонавий массивларда барпо этилган намунавий уй-жой совға қилинди.

– Ёшим 93 да, – дейди Қизириқ туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Маматали бобо Эсонов. – Очарчиликни кўрдик. Қирғинбарот урушнинг азоб-уқубатларини бошдан ўтказдик. Даҳшатли жанг майдонларидан омон-эсон қайтишимизнинг ўзи бир давлат деб, тикланиш йилларида ҳам биримиз икки бўлмай меҳнат қилдик. Мустақиллик йилларидагина ҳақиқий эъзоз-эҳтиромга эришдик. Вилоят ҳокимининг ўзи хонадонимизга келиб, давлатимиз раҳбарининг бизга йўллаган табриги ва бошқа совғаларини топширди. Кармаки массивида қурилган замонавий уйлардан бирини туҳфа қилди. Янги уйда барча шароит муҳайё. Энди "Бобо, Тошкентга ҳам бир айланиб келасиз, катта байрам тадбирида қатнашасиз", дейишмоқда. Бу таклифдан бошим кўкка етди. Шу кунларда ўзимни ёшаргандек ҳис этиб, пойтахтга боришни сабрсизлик билан кутяпман. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан беҳад миннатдормиз.

Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан Термиз шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Жўра бобо Ашуров ҳам ғоят мамнун.

Муддатли ҳарбий хизмат даври Иккинчи жаҳон урушига боғланиб кетган Жўра бобо Ашуров бу йил 97 ёшни қарши олди. Бир аср остонасида турган бобо ҳали тетик, фикри тиниқ. Чеҳрасида бугунги дориломон ҳаётдан шукроналик ҳисси балқиб турибди. 4 фарзандни тарбиялаб, вояга етказган пиру бадавлат отахон 12 невара, 25 чеваранинг суюкли бобоси.

Жўра бобо дастлаб Москва остоналарида жанг қилган. Беларусь, Латвия, Литва, Польша давлатлари ерларини душмандан озод этишда қатнашиб, жасорат кўрсатган. Берлин шаҳри учун бўлган жанглардан бирида оғир ярадор бўлиб, контузия олган.

– Жанг майдонига тушганимда 21 ёшда эдим, – дейди Жўра бобо Ашуров. – Уч марта контузия олганман. Урушнинг сўнгги кунлари Берлин учун бўлган жангда қаттиқ яраланиб, ҳарбий госпиталга тушиб қолдим. Соғлиғим тиклангач, юртга қайтишимга рухсат берилди. Лекин, йигитлик ори йўл бермади. Бу таклифдан воз кечиб, яна жангга отландим. Бир йилдан кўпроқ вақт ўтибгина уйга қайтдим. Узоқ йиллар таълим тизимида ишладим. Бизга кўрсатилаётган эътибордан жуда хурсандмиз. Совға-саломларнинг адоғи йўқ. Навбатсиз енгил машина харид қилиш учун махсус ҳужжат, Президентимизнинг табрик мактуби, пул мукофоти ва бошқа совғалар... Тошкентда ўтказиладиган байрам тадбирига ҳам таклиф этишган. Буни эшитган невараларим ҳазиллашиб, "Бобо пойтахтдан совғага тағин ширинлик олиб ўтирманг, қанд-қурс ўзимизда ҳам сероб. Эсингиздан чиқмасин, бизга қўл телефони олиб келасиз", деб буюртма қилишди. Қаранг, биз болаликда ота-бобомиз сафарга чиқса, токи қайтиб келгунча эсон-омон келишини сўраб, хавотирда ўтирардик. Сафардан қайтгач, бир парча зоғора нон берса ҳам қувониб, кўзимизга суртардик. Энди-чи? Юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин. Болаларнинг кўнгли ҳам, кўзи ҳам тўқ. Яратганга беҳисоб шукр. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, тўкин-сочинлик ва меҳр-оқибатга кўз тегмасин.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
5 659






Все о погоде - Pogoda.uz