Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 19:25 Чоп этиш версияси

Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик

Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Халқаро Қизил хоч ва Қизил ярим ой ҳаракатининг фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти раиси Ҳ.Каримов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Бугунги кунда дунёдаги энг кекса инсонпарварлик ташкилотларидан ҳисобланган Қизил хоч ва Қизил ярим ой ҳаракати 190 дан ортиқ мамлакатни бирлаштиради, – деди Халқаро Қизил хоч ҳаракатининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жан Жером Касабьянка. – Унинг кўмагида дунё мамлакатларида ижтимоий муҳтож аҳоли қатламларига гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатиб келинаётир. Ўзбекистонда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг илғор шакл ва услублари амалиётга жорий этилгани, барча ҳудудни қамраб олган шошилинч тиббий ёрдам тизими ташкил этилгани эътиборга молик.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил 28 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти томонидан фавқулодда вазиятларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, алоҳида эътиборга муҳтожларга тиббий-ижтимоий ёрдам бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, соҳага оид халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беғараз кўмак кўрсатиш, хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, мураккаб шароитларда қидирув-ёрдам хизматини йўлга қўйишда ёрдамлашиш, бу борада турли ижтимоий лойиҳаларни, дастурларни амалга оширишга, малакали мутахассисларни тайёрлашга эътибор қаратилмоқда.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ва давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жамият томонидан ёрдамга муҳтож, ёлғиз кексаларнинг патронажи ҳамда уларни дори-дармон билан таъминлаш учун 223 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Тадбир доирасида Қизил ярим ой жамиятининг инсонпарварлик фаолиятига оид лавҳалар намойиш этилди, донорлик бўйича махсус акция уюштирилди. Таълим муассасаларида ташкил этилган “Саломатликнинг ёш дўстлари” тўгараклари ўртасидаги танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда эстрада хонандалари ва болалар жамоаларининг концерти намойиш этилди, “Саломатликнинг ёш дўстлари” мусобақасининг ғолиблари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Шаҳноза Маматуропова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
2 849






Все о погоде - Pogoda.uz