ЎзА Ўзбек

08.08.2018 21:00 Чоп этиш версияси

​Эзгу ташаббуснинг бир йили

​Эзгу ташаббуснинг бир йили

Президентимиз томонидан Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш мусобақаси эълон қилинганига бир йил бўлди.

Одатда, мусобақа деганда кўз ўнгимизда спорт беллашувлари гавдаланади. Шунингдек, маданият, санъат ва илм-фан соҳаларида ўзига хос турли халқаро мусобақалар ўтказилишини ҳам биламиз. Албатта, мусобақадан мақсад ўз соҳаси ёки йўналишида энг кучли, энг моҳир, энг зўр ва ҳоказоларни аниқлаш экани маълум.

Аҳоли учун ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратиш, уларни ҳаётдан, бугунги кунидан рози қилиш борасидаги шаҳарлараро мусобақа эса биз билган мусобақалар орасида энг олижаноб мақсадларни кўзлаши билан кескин ажралиб туради. Боиси, унда ким ғолиб ё ким мағлуб бўлишидан қатъи назар, беллашув баҳона амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари қолади. Минглаб инсонларнинг турмуш фаровонлигига эришилади.

IMG_9156.JPG

Хабарингиз бор, 2017 йил 18 август куни Президентимиз Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ривожланиш бўйича мусобақа ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Давлатимиз раҳбари одамларнинг турмушини яхшилашдек олижаноб мақсадларга хизмат қиладиган ушбу ўзига хос мусобақа шартлари ҳақида гапирар экан, “2017 йилнинг 1 сентябридан 2018 йилнинг шу давригача иккала шаҳарнинг ривожланиш тенденцияларини кузатиб борамиз. Бу икки металлургия комбинати ўртасида эмас, шаҳарлар ўртасидаги соғлом рақобат бўлади. Бозордаги нарх-наводан тортиб, аҳоли турмуши учун яратилаётган барча шароитлар инобатга олинади. Янги корхона ишга тушадими, янги иш ўрни яратиладими, барчасини эътиборга олиб борамиз“, деган эди. Мусобақа шарти маълум – янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва коммунал хизматлар сифатини ошириш, маданий хордиқ чиқариши учун муносиб шароит яратиш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш.

Йирик саноат шаҳарлари аҳолисини бугунги кунидан рози қилиш борасидаги мусобақа эълон қилинганига ҳам бир йил тўлди. Хўш, шу вақт мобайнида мусобақа шартларига кўра нима ишлар қилинди, аҳоли турмушида қандай ўзгаришлар бўлди?​

Асрга татигулик йил

Қарийб 93 минг аҳоли истиқомат қиладиган Бекобод шаҳрида сўнгги бир йилда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимиз ташрифидан сўнг 2017-2018 йилларда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Унда янги иш ўринлари яратиш, "Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви"ни ташкил этиш, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимини яхшилаш каби аҳоли турмушининг бирламчи эҳтиёжини қаноатлантириш бўйича зарур чоралар қамраб олинди.

IMG_9168.JPG

Маълумотларга кўра, мусобақа даврида шаҳарда саноат, тиббиёт, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 137 лойиҳа амалга оширилган. Натижада 2 минг 248 янги иш ўрни яратилган. Президентимиз таклифига биноан “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви“ номини олган янги мавзеда 210 хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли турар жой қад ростлаган. Яна шунча хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли турар жойни қуриш ишлари бошланиш арафасида.

IMG_1118.JPG

– Муносиб турмуш шароити яратиш борасида шаҳар аҳолиси олдида қарзимиз кўп, – дейди шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев. – Йиллар мобайнида аҳолининг ичимлик суви, йўл, уйларни иситиш, томини таъмирлаш, мухтасар айтганда, кундалик ҳаёт учун зарур бўлган асосий йўналишлар издан чиққан. Аҳоли бандлигини таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, маданий ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиш, болаларни боғчага қамраб олиш каби йўналишлар ҳам эътибордан четда қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан "Ҳар бир оила – тадбиркор", "Yoshlar – kelajagimiz", "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" каби дастурлар қабул қилингани ушбу муаммоларни бартараф этишда айни муддао бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари таклифи ва ташаббуси асосида шаҳарда кичик саноат зонаси ташкил этилди. Мазкур саноат зонасини ривожлантириш бўйича режалаштирилган 17,7 миллиард сўмлик 11 лойиҳадан ҳозирга қадар 3,4 миллиард сўмлик 3 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бу 128 кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди.

IMG_1100.JPG

Шаҳар силга қарши курашиш диспансери ва 1-оилавий поликлиникада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тиббиёт муассасалари энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, “Бекобод деҳқон бозори“ масъулияти чекланган жамияти ҳудудида гипермаркет, Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудида 216 ўринга мўлжалланган мактаб биноси қурилиши якунланиш арафасида. "Бекобод – Ховос – Янгиер – Тошкент" йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилгани ҳам аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.

Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари ижроси юзасидан шаҳарда 3 хусусий боғча фаолияти йўлга қўйилди. 3 тасида муддатли гуруҳлар ташкил этилди. Натижада боғча ёшидаги 200 нафардан ортиқ бола мактабгача таълимга жалб этилиб, уларни боғчага қамраб олиш ўтган йилгига нисбатан 4,4 фоизга ошди.

IMG_9094.JPG

Шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ихтисослашган 3-сув олиш иншооти 1980 йилда қурилган бўлиб, сув насослари маънан эскирган. Боз устига, иншоотдан шаҳаргача бўлган 9,5 километр узунликдаги қувур қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтгани боис, сўнгги чорак асрда бирор марта таъмирланмаган. Натижада шаҳар аҳолисини мунтазам тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконсиз вазифага айланган.

– Маҳалламиздаги 21 кўп қаватли уйда 3 минг 400 дан ортиқ аҳоли яшайди, – дейди “Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қўзимурод Тўрабоев. – Одамлар учун ичимлик суви ва қиш кунлари уйни иситиш муаммо эди. Сув маълум вақтлардагина берилар, босим камлигидан 4- ва 5-қаватларга умуман сув чиқмас эди. Президентимиз бир йил аввал маҳалламизга ташриф буюриб, ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур топшириқлар берди. Ҳозир бу масалаларда ҳеч қандай муаммо йўқ.

IMG_9099.JPG

Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг қисқа фурсат ичида 3-сув олиш иншооти жаҳондаги етакчи фирмаларнинг замонавий сув олиш технологиялари билан жиҳозланди. 9,5 километрга янгидан қувур ётқизилди. Натижада нафақат шаҳар аҳолисининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммосига барҳам берилди, балки ойига 300-350 минг киловатт электр энергиясини тежаш имконияти яратилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, электр энергияси, сув ва бошқа барча йўқотишлар билан қўшиб ҳисоблаганда, бир ойда ўртача 85 миллион сўм тежалаётир. Демак, лойиҳага сарфланган 12 миллиард сўм маблағ 11 йилга етмасдан фақат тежамкорлик ҳисобига тўлиқ қопланади. Тежалаётган электр энергияси эса янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга замин яратиши, зимистон кўчалар, ўчиб-ёниши одат бўлиб қолган минглаб хонадонларга нур олиб кириши шубҳасиз.

Шаҳардаги 349 та кўп қаватли уйда 13 минг 752 хонадон бўлиб, ушбу уйлардаги иситиш тизимининг яхши ишламаслиги одамларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган асосий муаммолардан эди. Сўнгги бир йилда 2 минг 376 хонадонга имтиёзли кредит асосида икки контурли иситиш қозонлари ўрнатилди. Жорий йил якунига қадар яна 3 минг 400 та ана шундай иситиш қозони ўрнатиш режалаштирилган.

– Илгари қишнинг совуғидан юрак олдириб қўйган эдик, – дейди Пахтакор маҳалласи 66-уй 26-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Усмон Шодиев. – Биз катталар-ку майли, чопон ёпиниб, бир амалимизни қилардик, болаларга қийин эди. Кечаси билан қараб чиқолмайсан, усти очилиб, шамоллайди. Давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз, йиллар давомида бизни қийнаб келган муаммони ҳал этиб берди. Имтиёзли кредитга икки контурли иситиш қозони олдик. Энди нафақат уйимиз иссиқ, балки исталган вақтда иссиқ сувимиз ҳам бор.

ef2fe454-6809-48e1-b9ba-6e65c24ed582.jpg
(реконструкциядан аввал)

IMG_9320.JPG
(реконструкциядан кейин)

Шаҳар аҳолисининг ишдан ва ўқишдан бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида 22 гектар ташландиқ майдонда замонавий боғ ташкил этилган. “Ёшлар боғи“ номини олган мазкур кўнгилочар масканга 15 замонавий аттракцион ўрнатилган. Иккита мусиқали фаввора, иккита сунъий кўл, пиёда ва велосипедчилар учун боғ бўйлаб алоҳида йўлакча, мини-футбол, теннис ва баскетбол майдончалари ташкил этилган. Қарийб 5 минг туп манзарали дарахт кўчати экилиш билан бирга, аввалдан мавжуд бўлган 1 минг тупи сақлаб қолинган. Боғнинг 7 гектар қуйи қисмида сокин ҳудуд барпо қилиниб, 1,5 минг китоб фондига эга кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Биз борган куни бу ерда шаҳар ёшларининг бир гуруҳи адабиёт ва санъатнинг турли йўналишлари бўйича ижод билан машғул бўлса, бошқалари зўр бериб, давлат тест имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқда эди. Кишини тўлқинлантириб юборадиган ниҳоятда ажиб манзара, дилинг яйрайди, беихтиёр мутолаага ўтиргинг келади.

IMG_9254.JPG

Аҳоли учун яратилган қулайликлардан яна бири – асосий темир йўл устидан Фарҳод, Истиқлол ва Цементчи маҳаллаларини шаҳар билан боғловчи янги йўл очилганидир. Илгари ушбу маҳаллаларга ўтиш ёки қайтиш учун 8 километр масофани айланиб келиш талаб этилар эди. Янги йўл очилиши билан бу масофа энди бор-йўғи 200 метр, ҳу десанг, эшитиладиган даражада яқин. 

Маҳаллий аҳолининг айтишича, эски айланма йўлдан кунига ўртача 300-350 автомобиль ўтган. Уларнинг аксарияти бориб-қайтиши инобатга олинса, бу тахминан 5000 километр дегани. Бу эса, Тошкентдан Қўнғиротга икки марта бориб-келиш билан баробар. Энди буни оддий арифметикага соладиган бўлсак, кунига қарийб 500 литр ёқилғи тажалаётгани аён бўлади. Шунингдек, мингга яқин аҳолининг кунига қарийб 170 соат вақти тежалаётгани, айниқса, автомобиллардан атмосферага кўплаб заҳарли газлар чиқишининг олди олинаётганини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. 

Бир йил шиддати

Олмалиқ мамлакатимизда рангли металл ишлаб чиқариш бўйича йирик саноатлашган шаҳар ҳисобланади. 130 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи шаҳарда сўнгги бир йилда улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, шаҳар инвестиция дастурига мувофиқ, 2017-2019 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича умумий қиймати 253 миллиард 457 миллион сўмлик 89 лойиҳани амалга ошириш ва 985 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Айни пайтга қадар дастур доирасидаги 53 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган ва 607 янги иш ўрни яратилган.

– 11 август куни Президентимиз шаҳримизга ташриф буюрганига роппа-роса бир йил тўлади, – дейди шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Нурлахон Қуддусов. – Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ муҳим вазифалар ҳақида тўхталар экан, янги уй-жойлар бунёд этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт давомида ана шу асосда амалга оширилган ишлар кўлами ва аҳамиятини шаҳримиз ўз тарихида ҳеч қачон кўрмаган. 

Президент ташрифидан сўнг шаҳарда умумий қиймати қарийб 92 миллиард сўмлик 25 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар 31 миллиард 143 миллион сўмлик 10 лойиҳа амалга оширилиб, 205 янги иш ўрни яратилди. “HE-CHUANG TECHNOLOGY“ корхонаси ана шулардан бири. Хитойлик сармоядорларнинг 1 миллион долларлик маблағи эвазига фойдаланишга топширилган мазкур корхонада қизилмия ўсимлиги томиридан концентрат ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

“Чевар“ масъулияти чекланган жамияти ўтган йил сентябрь ойида фаолият бошлаган. 1 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 180 кишининг доимий бандлиги таъминланди. Айни пайтда бу ерда 15 турдаги болалар кийими тайёрланиб, маҳсулотнинг асосий қисми Россияга экспорт қилинаётир.

Олмалиқ шаҳрининг Ибн Сино кўчасида ҳам Президентимиз ташаббуси билан "Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви" қад ростламоқда. Бу ерда ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган 7 қаватли 10 та уй фойдаланишга топширилиш арафасида. Янги массивда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида гипермаркет, мактабгача таълим муассасаси, маданият ва истироҳат боғи ҳам барпо этилаётир.

IMG_0023.JPG

Шаҳарнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Айни пайтда “Олмалиқ кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси“ давлат унитар корхонаси томонидан 6 лойиҳани амалга ошириш бўйича ташкилий чоралар кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида шаҳардаги собиқ ётоқхона биноси қайта таъмирланиб, ногиронлиги бўлган 53 оила, жумладан, шаҳардаги 15 шундай оила уй-жой билан таъминланди.

– Бир оёғим яхши ишламайди, I гуруҳ ногирониман, – дейди Абдулла Авлоний номидаги маҳаллада яшовчи Элдор Мардонов. – Турмуш ўртоғим Лайлохон ҳам II гуруҳ ногирони. Нолимаймиз, ўғлимиз Баҳодир вояга етиб қолди. Ундан умидларимиз катта. Лекин, ўз уйинг бўлгани яхши-да. Яратганга шукур, мана, кўп йиллик орзуимиз ушалди. Тўғриси, армон бўлиб қоладими, деган хавотирда юрардик. Чунки, ҳеч ким ҳолингдан хабар олмаса, ишонч ҳам, ҳаётга қизиқиш ҳам бўлмайди-да. Бир йилдан буён ҳаммаси бошқача. Президентимизнинг ўша ташрифларидан сўнг ҳаётимизда кўп ўзгаришлар бўлди, барчаси яхши томонга. Бундай ғамхўрликдан кейин яшагинг, яшаганда ҳам яхши яшагинг келаверар экан. Атрофингдаги ҳамма нарса чиройли кўринар ва одамда беихтиёр меҳр-оқибат юксалар экан. 

Шаҳарда боғча ёшидаги болалар 8 минг 200 нафардан зиёд. Сўнгги бир йилда ҳудудда 125 ўринли 3 хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Натижада болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 80 фоизга етди.

Аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергияси, газ билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш ва таъмирлаш борасида ҳам қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 5,6 километр узунликдаги сув қувури мукаммал, 33 километрлик қисми эса жорий таъмирдан чиқарилган. 2 янги трансформатор ўрнатилиб, 18 таси мукаммал таъмирланган. 43 эски ёғоч устунлар янги темир-бетонлисига алмаштирилган. Аҳолига табиий газ етказиб беришни яхшилаш мақсадида 3 минг 700 метр ўрта босимли газ қувури реконструкция қилинган. 1 газ тақсимлагич янгидан ўрнатилиб, 4 таси мукаммал таъмирланган. 45 минг 500 метр масофадаги ички йўллар мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилган. Шаҳарнинг марказий кўчасига қарийб 600 дона энергия тежовчи замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилган.

Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар болалар шифохонаси реконструкция қилиниб, бинонинг “А“ блокидан кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника филиали, тез тиббий ёрдам ва қон қуйиш бўлими, “В“ блокидан 90 ўринли болалар шифохонаси ўрин олган.

– Шаҳардаги бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзинг қувнайди, эртага ҳаётинг янада яхши бўлишига ишончинг ортади, – дейди Ш.Рашидов кўчаси 18-уй 5-хонадонда яшовчи Рустем Усенов. – Бу ўзгаришлар оиламизни ҳам четлаб ўтмади. Мутасаддилар уйимизни таъмирлаб, мебель жиҳозлари берди. Давлатни ривожлантиришдек ғоят муҳим ишидан ортиб, биз каби имконияти чекланган инсонларга алоҳида эътибор қаратаётган Президентимиздан жуда-жуда миннатдормиз.

3.1.JPG

Шаҳарга кираверишдаги "Ҳамза" номли маҳалла фуқаролар йиғинида 2 минг 400 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 10 кўп қаватли уй оралиғида жойлашган қарийб 1 гектар майдон бундан бир йил аввал ташландиқ ҳолда эди. Президентимиз ташрифидан сўнг ушбу ҳудуд ободонлаштирилиб, болалар учун турли аттракционлар ўрнатилди. Замонавий мини-футбол стадиони барпо этилди. Тадбиркор Абдуваҳоб Қорабоев томонидан салқин ичимликлар ва музқаймоқ дўкони қурилди. Эндиликда бу жой нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам севимли масканига айланган.

– Катта бўлсам, футболчи бўламан, – дейди 6-синф ўқувчиси Шоҳрух Абдусодиқов. – Ҳар куни маҳалламиздаги стадионда болалар билан маза қилиб футбол ўйнаймиз. Авваллари чанг-тупроқ ёки анави бетон йўл устида ўйнар эдик. Эҳ-ҳе, неча марта йиқилиб, кўп жойимиз шилиниб кетарди. Шунинг учун ойимдан роса гап эшитардим. Ҳозир ойим ҳам футболчи бўлишимга қарши эмас. Чунки, ҳеч қаерим шилинмайди-да. 

Шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, шаҳарда 20 замонавий мини-футбол стадиони қурилиб, болалар ихтиёрига топширилган. Эътиборли жиҳати, улардан фойдаланиш мутлақо бепул.

Президентимиз шаҳарга ташрифлари давомида Ҳамза номидаги маҳалла билан шундоққина ёнма-ён жойлашган "Ойдин деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, сотувчи ва харидорлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, замонавий инфратузилма барпо этиш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Айни пайтда бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Барча қулайликларга эга ушбу замонавий бозор шу ой охирига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.

Ҳақиқий ғолиб – аҳоли

Ҳар икки шаҳар одамларининг ҳаётдан розилик, бугунги кунидан шукроналик уфуриб турган юз-кўзларидаги мамнунлик бизга ҳам кўчди шекилли, асосий мақсад – ким ғолиб, деган саволга жавоб топишда очиғи, қийналдик. Боиси, сўнгги бир йилда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш йўлида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича бир ўринда Бекобод, бошқасида Олмалиқ шаҳри устун кўринади. Фикримиз асоссиз бўлмаслиги учун биргина мисол. Аҳолига янги кўп қаватли турар жойлар қуриш бўйича Бекободда 5 та, Олмалиқда 10 та кўп қаватли уй барпо этилмоқда. Бу ўринда Олмалиқ шаҳри ғолиб! Яратилган иш ўринлари ҳисобига Бекобод шаҳрида ишсизлик даражаси 12,1 фоиздан 8,7 фоизга тушган. Олмалиқ шаҳрида эса бу кўрсаткич ўтган йилги 4,3 фоизлигича, ўзгармай қолган. Демак, бу борада Бекобод шаҳри олдинда!

Мақола аввалида мусобақада ким ғолиб бўлишидан қатъи назар, бунда ҳеч бир томон ютқазмаслигини айтган эдик. Лекин теранроқ назар солсак, аслида мусобақанинг мутлақ ғолиби бор экан – бу ҲАР ИККИ ШАҲАР АҲОЛИСИ, яъни, у ерда яшаётган юртдошларимиз!

Авазбек Худойқулов, ЎзА​
6 478