Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.03.2017 12:16 Чоп этиш версияси

Эзгу ишлар фасли

Эзгу ишлар фасли Наврўз байрами олдидан ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам эрта тонгдан бошланди.

Ҳашар жамиятимизда меҳр-оқибат, тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экологик ҳолатни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

– Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилаётган ҳашарда 1 миллион 350 мингдан зиёд киши иштирок этади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Хўжабой Елмуратов. – Уларнинг 850 мингдан ортиғи ёшлардир. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ёлғиз кексалар, ўзгалар кўмагига муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уй-жойларини тозалаш, саришталашга кўмаклашиш бўйича акция ўтказиш режалаштирилган.

Ҳашар иштирокчилари ҳар бир хонадон, кўча, хиёбон ва маҳаллада ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда. Наврўз байрами тадбирлари ўтказиладиган жойлар, фойдаланишга топшириладиган янги иморатлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо марказлари атрофларини тартибга келтириш, ниҳол ва гул экишга эътибор қаратилган. Боғларда дарахтларга шакл берилмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлимидан олинган маълумотларга кўра, икки кун давомида 2 минг 454 гектар майдон ободонлаштирилиб, 1 минг 113 тонна чиқиндидан тозаланади, 311 минг 800 тупга яқин мевали, 507 минг 600 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчати ўтқазиш ва турфа гуллар экиш режалаштирилган. 281 қабристонда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Бу ишларга 872 техника жалб этилади.

Умумхалқ ҳашарида кекса ва ногирон, ёлғиз яшовчи қариялар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилади. Бу хайрли юмушларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
1 391






Все о погоде - Pogoda.uz