Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 14:35 Чоп этиш версияси

Эзгу амаллар кўлами кенгаймоқда

Мамлакатимизда ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди. Айни кунларда комиссия томонидан мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Фарғона вилоятида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ўзгалар меҳри ва ёрдамига муҳтож инсонлар уйига бориб, ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

– Вилоятда 65 мингдан зиёд турли тоифадаги ногиронлар истиқомат қилади, – дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти Фарғона вилояти бўлими раиси Т.Дадахонов. – “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун асосида ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жамиятимизнинг кўнгиллилари ёрдамида байрам ва муҳим саналарда уларнинг хонадонларига борилиб, хайрия ва саховат ёрдамлари кўрсатилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Жисмоний имконияти чекланган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларга Президентимиз номидан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар берилди. Шаҳар ва туманларда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳолидан хабар олиниб, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳаёт кечириши учун тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилишига кўмаклашилмоқда.

Тўрт мингдан зиёд ёлғиз кексалар ва ногиронлар уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг барчаси диспансер кўригидан ўтказилди. Даволанишга муҳтож бўлган 1 минг 400 нафар ёлғиз кекса ва ногиронлар шифохоналарда даволанди. Шу кунга қадар 4 минг ногирон сиҳатгоҳларда соғлиғини тиклади.

Ногиронларнинг техник реабилитация воситаларига бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, ногиронлар аравачаси, протез-ортопедия ускуналари ва бошқа воситалар билан таъминланди.

Вилоятдаги “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида ҳам саховат ишлари амалга оширилиб, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ногиронлар, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий ҳимояси доимо давлатимиз эътиборида.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 865






Все о погоде - Pogoda.uz